Аҳоли бандлигини таъминлаш учун “Дамаслар карвони” йўлга чиқди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 октябрдаги 01-05/1-2332-сонли мажлис баёнига мувофиқ, Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида барпо этилган кўп қаватли ва қайта тикланган уй-жойларда истиқомат қилувчи аҳолини доимий иш билан таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов раҳбарлигида Республика Ишчи гуруҳи томонидан тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Барпо этилган кўп қаватли ва қайта тикланган уй-жойларда истиқомат қилувчи иш билан банд бўлмаган жами 1 556 нафар, шундан, Оқолтин туманида 642 нафар, Сардоба туманида 501 нафар ҳамда Мирзаобод туманида 413 нафар фуқароларнинг рўйхатлари тўлиқ шакллантирилган. Унга мувофиқ банд бўлмаган аҳолини доимий иш билан таъминлаш мақсадида Республика Ишчи гуруҳи томонидан Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманларида “Ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб қилиш кўчма ярмаркаси” ташкил этилди.
Кўчма ярмаркага 11 та Дамас автомашиналари ҳамда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва тижорат банклари малакали масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари жалб этилиб, аҳоли бандлигини таъминлаш учун уларга шароит ва қулайликлар яратган ҳолда ижтимоий объектлар манзилларида вақтинча яшаш учун жойлаштирилган талофат кўрган хонадонларга ҳамда ўз манзилларига кўчирилган оилаларга борган ҳолда манзилли хизмат кўрсатилмоқда.
Бундан кўзланган асосий мақсад – банд бўлмаган аҳолининг яшаш манзилига чиққан ҳолда доимий ишга жойлаштиришга кўмаклашиш ва бандлигини таъминлашдир. Кўчма ярмаркада бандликни таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш ва меҳнат муносабатлари ҳамда ҳуқуқларига оид тушунтиришлар ҳам бериб борилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, вазир раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи ўз ишини давом эттириб келмоқда.