Аёлларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб этишда давлат ташкилотлари билан ҳамкорликнинг аҳамияти ва истиқболлари

17.11.2020

19 ноябрь бутун дунёда “Халқаро аёллар тадбиркорлиги” куни нишонланиши муносабати билан 2020 йил 17 ноябрь куни соат 14.00да Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ассоциацияси билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳаларга бағишланган “Аёлларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб этишда давлат ташкилотлари билан ҳамкорликнинг аҳамияти ва истиқболлари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Унда Вазирлик ва Ассоциация раҳбарлари, ҳудудий бошқармалар, АБКМ вакиллари, ўқув курсларида таълим олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини  бошлаган ҳотин-қизлар иштирок этишди.

Тадбирни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов очиб бериб, “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ассоциацияси билан ҳамкорликда доимий равишда юртимизда банд бўлмаган аёлларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, тадбиркор хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар хусусида сўз юритди. 

Ҳаммамизга маълумки, коронавирус пандемияси меҳнат бозорига, меҳнат муносабатлари ва аҳоли бандлигига кўмаклашишда ҳамда ташқи чегаралар ёпилиши муносабати билан ишсизларни айниқса, аёлларни бандлигини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмас зарурий чоралар кўрилишини тақозо этди.

Ҳозирги кунда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан ўтказилган ижтимоий тадқиқот натижаларига кўра Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони - 19 121 минг, банд аҳоли сони - 13 205 минг ташкил этади.

Расмий секторда бандлар – 5 673 минг кишини, иқтисодиётнинг норасмий секторида бандлар – 7 531 минг, шу жумладан хорижда ишлаётганлар - 1 912,6 мингни ташкил этади. Жорий йил учинчи чоракда ишсизлик даражаси 11,1 фоизни ташкил этди, 30 ёшгача бўлган ёшлар орасида - 17,1 фоиз, аёллар орасида14,7 фоиз. Жорий йилнинг ўтган даврида меҳнат органлари томонидан 513 минг хотин-қизларга бандлик ва меҳнат соҳасидаги хизматлар кўрсатилиб, 125,4 минг нафари доимий ишларга жойлаштирилди.

Ишсиз ва “темир дафтар”га киритилган кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлардан 260,3 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди ва уларнинг иш ҳаққи учун вазирлик ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан 270,5 млрд.сўм маблағлар молиялаштириб берилди, 30,8 минг ишсиз хотин-қизларга ишсизлик даврида 15,3 млрд.сўм ишсизлик нафақаси тайинланди.

Шунингдек, оғир турмуш шароитида яшаётган 7 706 нафар хотин-қизларнининг 6 822 нафарини (88,5%) бандлиги таъминланди. Жумладан, 180 нафари ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида ишга тушаётган корхоналарда яратилаётган иш ўринларига, 1 654 нафари мавжуд корхоналардаги бўш (вакант) иш ўринларига, 186 нафари квота иш ўринларига, 103 нафари ҳунармандчилик йўналишида, 194 нафари оилавий тадбиркорлик йўналишида, 190 нафари ҳомийлар ҳисобидан шахсий ва ёрдамчи хўжалигида чорвачилик, асаларичилик, қуёнчилик, иссиқхона ва бошқаларни ташкил қилиш ҳисобига, 3 133 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, 422 нафари субсидия маблағлари ажратиш орқали ва 760 нафари бошқа йўналишларида бандлиги таъминланди. Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш орқали 34,7 минг фуқаролар бандлигига кўмаклашилди, шундан 24,4 минг (70%) хотин-қизларни ташкил этди. Фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қўвватлаш мақсадида меҳнат органларига мурожаат қилган 1,6 минг нафар хотин-қизларга 335 млн.сўм – якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, тадбиркорликка ўқитиш ва кредит олишда суғурта полиси тўлови учун харажатларни қоплаш учун субсидия маблағлари ажратилди.

Хусусий тадбиркорлик субъектларининг 231 нафарига ходимларини касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш харажатларни қоплаш учун 5,3 млрд.сўм субсидия маблағлари ажратилиб, натижада 2,2 минг хотин-қизларни бандлиги таъминланди. Шахсий томорқаларда енгил типдаги иссиқхона қурилиши, экин экишга уруғлар ва кўчатлар ҳамда, суғориш воситаларини ҳарид қилган 12,7 минг хотин-қизларга 32,4 млрд.сўм субсидия маблағлари молиялаштириб берилди.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавотчилик, балиқчилик, қуёнчилик, тикувчилик ва ҳунарманчилик йўналишлари кооперативлар ташкил этилиб, уларга ишсиз аёллар аъзо сифатида бириктирилмоқда.

Бугунги кунда, 149 та тумандаги 8,7 минг гектар заҳирада фойдаланилмаётган лалми ер майдонда 389 та кооперативлар ташкил этилди ҳамда пудрат шартномаси асосида бириктирилган 6,8 минг хотин-қизларга 15,1 млрд.сўм субсидия маблағлари ажратилди.

“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар 2020 йил 2 апрель куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Бугунги кунга қадар, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси билан ҳамкорликда қарийиб 130 нафар хотин-қизлар учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 116 млн. сўм субсидия ажратиш эвазига “Ғоядан бизнес режагача” қисқа ўқув курсларида тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди.

“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси билан ҳамкорликда 2020-2021 йилларда 10 минг нафардан ортиқ хотин-қизларни тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, уларни ўз бизнесларини бошлашига кўмаклашиш орқали бандлигини таъминлаш белгилаб олинган.