Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Россия Федерацияси Президенти Администрацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди
Унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов, вазирнинг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов ва Россия Федерацияси Президенти Администрацияси бошқарма бошлиғи А.Рыбаков иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерациясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий асосда танлаб олиш ва ишга жойлаштириш механизмини янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур соҳада Россиянинг миграцион марказлари ваколатхоналари очилган бўлиб, улар томонидан Ўзбекистон фуқароларига Россия ҳудудида ишлаш учун рухсатнома расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлаш бўйича хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилган.
Шунингдек, учрашув давомида бу борада олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Россия стандартларига мувофиқ касб-ҳунарга ва рус тилига ўқитиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, вазир Н. Хусанов Россия Федерациясида жорий этилган “Россия Федерацияси иқтисодиётига хорижий фуқароларни жалб қилиш бўйича ҳаракатлар алгоритми”ни ишга тушириш истиқболларини ўрганиш мақсадида Россия Федерациясининг Меҳнат ва бандлик бўйича федерал хизмати, Қурилиш вазирлиги ва йирик иш берувчилар делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш таклифини киритди.
Учрашув якунида муҳокама этилган масалалар ва таклифларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.