18 октябрь ўтказилган “Меҳнат ярмаркаси”да 105 та иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасалар 4 000 га яқин бўш иш ўринлари билан иштирок этди

18.10.2019

Бугун 18 октябрь куни "Туркистон" санъат саройида Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси томонидан иш берувчи ташкилотлар вакиллари иштирокида "Меҳнат ярмаркаси" ўтказилди.  Мазкур лойиҳа “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон” шиори остидаги Республика талаба-ёшлар фестивали доирасида ташкил этибди.

Ярмаркада Тошкент шаҳрининг барча туманларидан 105 та иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасалар 4 000 га яқин бўш (вакант) иш ўринлари билан иштирок этди. Корхона ва ташкилотлардаги бўш иш ўринларининг ойлик иш ҳақи ўртача 1.5-2.0 млн. сўмга тўғри келади.

Ярмаркада 500 дан ортиқ фуқаролар қатнашди. Шулардан 226 нафарини аёллар, 152 нафарини ёшлар, 265 нафарини таълим муассасалари битирувчилари ташкил этди.

Тадбиркорлик қилиш ва ўз бизнесини ташкил қилиш истагини билдирган фуқароларга, айниқса, ёшларга “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси ва тижорат банкларининг вакиллари томонидан “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастури доирасида имтиёзли микрокредитлар бериш бўйича тушунтиришлар берилди.

Ярмаркада Ҳунармандлар уюшмаси томонидан тикувчилик, қандолатчилик, сартарошлик ва бошқа мини-технологиялар ва асбоб ускуналар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

IMG_20191018_222611

IMG_20191018_222615

IMG_20191018_222619