12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни

12.06.2019

Ҳар йили 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни сифатида нишонланади. Ушбу кунни белгилаш ғояси 1997 йил Амстердам ва Ослода бўлиб ўтган конференцияларда юзага келган. 2002 йил Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан 12 июнь расман болалар меҳнатига қарши курашиш куни деб эълон қилинган.

Ҳозир дунё бўйича ишлаётган болалар (5-17 ёш) сони 218 миллионни ташкил этиб, шулардан 152 миллиони бугунги кўринишдаги қулдорлик қурбонлари ҳисобланади, яна 73 миллиони эса ҳаёт учун хавфли бўлган меҳнат фаолияти билан шуғулланмоқда.

Болалар меҳнатига қарши курашиш бўйича сўнгги йилларда Ўзбекистонда сезиларли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ҳукумати, шу жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди. Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 2018 йил АҚШ Ўзбекистон пахта маҳсулотларини болалар меҳнати орқали етиштирилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди.

ХМТ билан фаол ҳамкорлик натижасида мазкур ташкилотнинг “Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш ва тақиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 182-конвенцияси ратификация қилинган.  

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2017 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида”ги қарори билан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик бўйича парламент назорати институти жорий этилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан мажбурий меҳнатга қарши курашиш янада кучайтирилди.