Китобхонлик маданиятини ривожлантириш миллий дастури тасдиқланади

Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқиш, инфратузилма ва ўқув тизими, китобхонлик билан боғлиқ муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2025 йилларга мўлжалланган китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

2020-2025 йилларга мўлжалланган китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури;

Дастурни 2020-2021 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланади.

Дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда моддий-техник базасини такомиллаштириш;

халқимиз, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни белгилаш;

жойларга, таълим муассасаларига вақтида ва мақбул нархларда китоб етказиш тизимини тубдан такомиллаштириш чораларини кўриш;

миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, мутолаа маданиятини юксалтириш билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал этишга қаратилган тизимли ишларни ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш;

таълим муассасалари ва ҳудудий кутубхоналарни марказлашган кутубхона – “Ягона электрон кутубхона” лойиҳаси асосида бирлаштиришга қаратилган ташкилий чора-тадбирларни белгилаш;

ҳудудлар, аҳоли пунктларида китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган аниқ механизмлар ишлаб чиқиш;

ҳар йили ёш ижодкорларнинг инновацион лойиҳаларини амалиётга жорий қилиш орқали мамлакатимизга киритилаётган инвестициялардаги ёш ижодкорларнинг улуши ошишини таъминлаш;

ўқувчиларнинг қизиқишини ўрганиш, социологик сўровлар ўтказиш орқали китоб маҳсулотлари ишлаб чиқишни йўлга қўйиш;

китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган китобларни, айниқса, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини белгилаш;

китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва танловларни ташкил этиш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ўзбекистон Республикасида 2021 йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойининг биринчи ҳафтасини “Китобхонлик ҳафталиги” этиб белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Белгиланишича, Дастур қуйидагиларни назарда тутувчи уч босқичда амалга оширилади:

биринчи босқич – 2020-2021 йилларда ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратиш ва чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

иккинчи босқич – 2022-2023 йилларда китобхонликка оид инфратузилмани мустаҳкамлаш;

учинчи босқич – 2024-2025 йилларда ёшларнинг китобхонлик маданиятини жадал ривожлантириш, уларнинг маданий саводхонлиги ўсиши ҳисобига инсон капитали сифатини яхшилаш.

Дастур ижросини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорлар кредитлари (қарзлар), грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг ҳар йиллик параметрларини шакллантиришда ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида Дастурни амалга ошириш учун маблағлар назарда тутилишини таъминлайди.