“ЛУКОИЛ” билан ҳамкорликда мутахассисларни тайёрлаш ва ишга жойлаштириш борасида келишиб олинди

03.04.2024

Бугун Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида Россия Федерацияси ҳудудидаги "ЛУКОИЛ" гуруҳи ташкилотларида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган тарзда ишга жалб қилиш тўғрисида йўл харитаси ва битим имзоланди.

Ҳужжатлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда “ЛУКОИЛ” вакиллари томонидан имзоланди.

Ҳужжатда қайд қилинишича, ишга номзодлар малакаси, иш тажрибаси ва рус тилини билиши, тиббий ва меҳнат фаолиятига қўйиладиган бошқа талаблар инобатга олинган ҳолда танланади.

“ЛУКОИЛ” ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ мутахассисларни юбориш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиради.

Ушбу келишувларга асосан Россия Федерациясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб борадиган ҳамюртларимизга тиббий, ижтимоий, ҳуқуқий масалаларда кўмак беришга келишиб олинди. Шунингдек, касбий кўникмаларни мустаҳкам эгаллаган фуқаролар хавфсиз ва ташкиллаштирилган тарзда Россия Федерациясига юборилади.