Хорижий давлатларда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш шартлари

Хорижий давлатларда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш шартлари

Хорижий давлатларда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш шартлари
Хорижий ишчи кучини Корея Республикасида ишлашга танлаб олиш ва жалб этиш фақат корейс иш берувчиси томонидан амалга оширилади.
Шу сабабли, тест синовларидан муваффақиятли ўтган тақдирда ҳам номзодларни Кореяга ишга юбориш тўлиқ кафолатланмаган, агар икки йил давомида номзодни иш берувчи томонидан танлаб олинмаган ва меҳнат шартнома лойихаси юборилмаган тақдирда фуқаро такроран корейс тилидан дастлабки тест синовларида қатнашиши мумкин.
Юқоридаги талабларга тўла жавоб берадиган фуқаролар корейс тилидан бўлиб ўтадиган тест синовининг EPS-TOPIK босқичида иштирок этиш учун аккредитациядан ўтган Билимни баҳолаш марказларида дастлабки корейс тилидан тест синовларида иштирок этиб, юқори балл тўплаган тақдирда, унинг номзоди корейс тилидан бўлиб ўтиши режалаштирилаётган EPS-TOPIK босқичида иштирок этиш хуқуқини берувчи динамик рўйхатга киритилади (билимни баҳолаш марказларининг манзиллари ҳамда бошқа маълумотларни www.mehnat.uz веб-сайтида жойлаштирилаётган эълонлардан билиб олиш мумкин).
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида имзоланган Меморандумга асосан Кореяда ишлаш истагида бўлган республикамиз фуқароларни рўйхатга олиш жараёнида ва корейс тили бўйича бўлиб ўтадиган тест синовларида қатнашишлари талаб этилади. Корейс тили бўйича тест синовларида қатнашиш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига қуйидаги талаблар белгиланган:
а) унинг ёши 18-39 ёшда бўлиши
б) корейс тилини билиши
в) соғлом бўлиши, шунингдек ранг ажрата олиши (дальтонизм) ва бармоқ ампутацияси бўлмаслиги
г) жиноий жавобгарликка тортилмаган бўлиши
д) Корея Республикасидан депортация қилинмаган бўлиши
е) Ўзбекистон Республикасидан хорижга чиқиши чегараланмаган бўлиши лозим.
Корейс тили бўйича тест синовларининг дастлабки, иккинчи ва учинчи босқичларидан муваффақиятли ўтган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан маълумотлар базасига киритилади ва икки йил давомида базада сақланади. Ушбу маълумотлар базаси орқали номзодни Корея иш берувчилари танлаб олган тақдирдагина, фуқаронинг номига иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси юборилади.
Мазкур шартномада хорижий давлатнинг ваколатли ташкилоти ишга жалб қиладиган фуқароларни меҳнат шартномаси ва ишчи виза билан таъминлаш кафолати мавжуд бўлиши лозим.
Маълумотлар базасига киритилган номзодни корейс иш берувчиси томонидан танлаб олиш жараёнида бошқа жисмоний ёки юридик шахс иштирокига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг хорижда ишлашни хохловчи фуқароларнинг ягона маълумотлар базаси www.horijdaish.uz расмий веб-сайтида ўзингиз хақингизда барча маълумотларни жойлаштирган тақдирингизда, Сиз хақингиздаги маълумотлар хорижга ишга юбориш билан шуғулланаётган компаниялар томонидан кўриб чиқилиши ва Сизга иш таклиф қилиниши учун боғланишларига имкон яратади.
Хорижда ишлаш истаги бўлган фуқаролар хорижда иш топиш, иш берувчилар шартлари билан яқиндан танишиш учун Labor-migration.uz веб сайти орқали маълумотларга эга бўлишлари мумкин.
Худди шундай, бугунги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали Корея Республикаси, Россия Федерацияси, Қозоғистон ва бошқа давлатларга ишга жойлаштирилиши мумкин бўлса, улар орқали ишга жойлашиш шартномаларга асосан турлича тартибда амалга оширилмоқда. Жумладан:
Бунда иш берувчи ёки унинг вакили томонидан танлов жараёнида ишнинг тури, иш ҳақи миқдори ва бошқа ижтимоий кафолатлар таклиф этилади. Ушбу таклиф этилган иш ўрни фуқарога мақул келса ва иш берувчи томонидан талаб этиладиган талаблар (тил билиши, касб-ҳунарга эгалиги ва ҳакозо)га жавоб берса икки томоннинг келишувига кўра фуқаро бориш давлатида ишга жойлашиши мумкин бўлади.
2020 йил 13 августда Ўзбекистон Республикаси “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-632-сонли Қонуни қабул қилинди.
Хусусий бандлик агентликлари хорижий давлатларнинг чет элдан ишчи кучи жалб қилиш ваколатига эга ташкилоти билан тузилган шартнома асосида республикамиз фуқароларини чет давлатларда ишга жойлаштириши мумкин (лицензия олган хусусий бандлик агентликларининг рўйхати www.mehnat.uz веб сайтида мунтазам янгилаб борилади).
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сонли қарорида белгиланган тартиблар асосида чет элга чиқишлари мумкин бўлади.
Унга кўра, фуқаролар чет элдаги меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Меҳнат вазирлиги томонидан бериладиган лицензияга эга бўлган Хусусий бандлик агентликлари орқали амалга оширишлари лозим.
Ушбу ташкилотлар томонидан фуқаролар Ҳукуматлараро тузилган Битимлар, чет элдаги ваколатли ташкилотлар билан тузилган шартномалар чет элда ишга жойлаштирилади ва унинг тартиблари ушбу Битим ҳамда шартномаларда кўзда тутилган тартибда амалга оширилади.
Фуқароларни Россия Федерациясига ишга жойлаштириш жараёни эса бевосита иш берувчи ёки унинг вакили томонидан танловлар ўтказиш орқали амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3584-сонли Қарорига асосан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги электрон маълумотлар базасига рўйхатга олиш шарти билан:
- вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларнинг транспорт (бошқа харажатлари), чет элда ишга жойлашиши учун зарур хужжатларни расмийлаштириш харажатларини пул ўтказиш ва кредит тўлашнинг халқаро тўлов тизимлари (Western Union, Contact ва бошқ.) орқали АТИБ “Ипотека банк”нинг 1000 АҚШ доллари эквивалентида кредитлаш тизими жорий этилган.
.- вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига чиқиб кетаётган фуқаролар учун “Кафолат суғурта компанияси” ДАСК, “Ўзагросуғурта” АЖ, GROSS INSURANCE томонидан уларга қулай бўлган ҳамда имтиёзли суғурта полислари ишлаб чиқиш ва суғурта хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилган.
- “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК томонидан 2018 йил 1 апрелдан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларга плацкарт ва умумий вагонларга темир йўл чипталари ҳамда иқтисодий (эконом) класс авиа чипталар нархларига 20 фоизгача чегирма тақдим этиш
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 сентябрдаги ПҚ-4829-сон қарори билан хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий этилди.
мазкур қарор билан:
хорижда ишлаш истаги бўлган фуқаролар учун Россияда ва ички меҳнат бозорида бепул хорижий тилларга ўқитиш ва касб-ҳунар ўрганиш масканлари ташкил этилди
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Екатеринбург, Новосибирск, Самара ва Уфа шаҳарларида вакилликлар ташкил этилди
2021 йил 1 январдан бошлаб, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чиқиб кетаётган шахсларга 1 йил муддатга 10 млн сўм миқдорида  микроқарзлар бериш тартиби жорий қилинди
хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш ўзини ўзи банд қилган шахслар  шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларига тенглаштирилди 
Россия Федерацияси ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ваколатхонасини Ўзбекистон Республикасида очиш ва ушбу ваколатхонада вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатномани (патентни) тайёрлаш, расмийлаштириш ва бериш хизматларини кўрсатиш белгиланди 
Хорижда ишлаётган фуқаролар ҳақ ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Россиядаги 17 та, Қозоғистондаги 4 та, Туркиядаги 1 та юридик ташкилотлар билан шартномалар тузилди
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг бандлигини таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тавсия этилган 32 та ўзбек диаспоралари билан ҳамкорлик келишувлари мавжуд.
Россия-24, Қозоғистон-6, Қирғизистон-1, Япония-1.
Россия Федерациясида ишлаётган фуқаролар учун "1282" ишонч телефони ташкил этилди
Хориждаги 154 та салоҳиятли иш берувчилар ва рекрутинг агентликлари билан ҳамкорлик келишувлари имзоланди, Россия ва Қозоғистон асосий ташқи меҳнат бозори сифатида қайд этилди.