Германия Халқаро ҳамкорлик ташкилоти (ГИЗ) вакиллари билан учрашув

27.08.2021

26 август куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш марказида Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (ГИЗ) вакиллари билан “Ўзбекистон ҳудудларида иқтисодий ислоҳотлар ва барқарор иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш” янги мамлакат дастури доирасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақадида учрашув бўлиб ўтди.

Меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш маркази томондан учрашувни марказ директори ва Меҳнат вазири маслаҳатчиси Й. Горбунова олиб борди. Ҳамкор ташкилотни “Ўзбекистон ҳудудларида иқтисодий ислоҳотлар ва барқарор иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш” дастури раҳбари Б. Шорайт тақдим этди.

Хорижлик вакиллар томонидан дастурнинг мақсад ва вазифалари, уни амалга оширишнинг асосий ёндашувлари ва воситалари, шунингдек, кутилаётган натижалар ва дастур кўрсаткичлари ҳақида маълумот берилди.

Учрашувда томонлар дастур доирасида ҳамкорликни йўлга қўйиш учун мавжуд бўлган йўналишларни кўриб чиқди. Хусусан, ўқитувчиларни тайёрлашга хорижий мураббийларни жалб қилиш, ўқув дастурларини модернизация қилиш ва Касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, шунингдек, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларини техник жиҳозлашда кўмаклашиш орқали “Ишга марҳамат” Мономарказининг техник имкониятларини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари республика ҳудудларида яратилиши режалаштирилган ТУМО-Бохларни амалга оширишда қўллаб-қувватлаш имкониятларини кўриб чиқди. Бундан ташқари, “Ишга марҳамат” Мономарказларида очиладиган “Таълим ва консалтинг идоралари” фаолиятига немис мутахассисларини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида меҳмонлар Марказнинг касбий тайёргарликни ривожлантириш ва меҳнат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди.