ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ ФЕДЕРАЦИЯСИНИНГ VIII ҚУРУЛТОЙИ БЎЛИБ ЎТДИ

11.11.2020

Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойи бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иштирокчиларга табриги Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов томонидан ўқиб эшиттирилди. Қурултойда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов ҳам ўз маърузаси билан иштирок этди. У конференция иштирокчиларига сўзлаган нутқида Меҳнат вазирлиги ва Касаба уюшмалари Федерацияси ўртасидаги меҳнатни муҳофаза қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратди.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йилнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг 3 та Конвенцияси, шу жумладан Халқаро меҳнат ташкилотининг “Халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида”ги 144-сонли Конвенцияси ҳамда битта Баённомаси ратификация қилингани алоҳида эътиборга моликдир.

2019 йилнинг 28 октябр куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама Республика комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама Республика комиссиясининг 2019-2020 йилларга мўлжалланган Иш режаси тасдиқланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва Ўзбекистон Иш берувчилари конфедерацияси, яъни уч томонлама хамкорлик асосида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2021-2022 йиллар учун Бош келишув имзоланган.

Республика ҳудудида короновирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, саноат, инфратузилма, транспорт ва логистика субъектларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш борасида қурилиш объектлари ва ишлаб чиқариш корхоналарида ишловчи ишчи ва ходимларга карантин ҳудудида яшаши учун меҳнат шароитлари яратилганлиги ҳамда карантин талабларига риоя этилиши аҳволини ҳамкорликда ўрганиш мақсадида Меҳнат вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Қўшма буйруғи Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси билан келишилган ҳолда қабул қилиниши давлат меҳнат инспекцияси билан касаба уюшмалари инспекциясининг ҳамкорликдаги ўрганишларидан бири бўлди.

Бу борада жорий йилнинг ўтган даврида фаолиятини олиб бораётган 5757 та шу жумладан 2626 та қурилиш объектлари ва 3131 та ишлаб чиқариш корхоналарида ишловчи ишчи ва ходимларни меҳнат шароитлари ҳамда карантин талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганишлар ташкил этилиб, ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этишда тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдамлар кўрсатилди.

COVID-19 бутун дунёда меҳнат бозорини тубдан ўзгартирди. Мазкур шароит бутун дунё мамлакатларига бандликни қўллаб-қувватлашда тегишли қарорларни қабул қилиш учун муҳим сигнал бўлиб хизмат қилди.

Коронавирус пандемияси меҳнат бозорига, меҳнат муносабатлари ва аҳоли бандлигига кўмаклашишда ҳамда ташқи чегаралар ёпилиши муносабати билан ишсизларни айниқса, аёлларни бандлигини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмас зарурий чоралар кўрилишини тақозо этди.

Бу борада, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан хотин-қизларни бандлигига кўмаклашиш, ишга жойлаштириш, касбга ўқитиш, ўзини-ўзи банд қилиш эвазига уларни меҳнат даромади билан таъминлаш бўйича ишлар ташкил этилди ва ҳамкорликдаги ишлар давом этмоқда.