Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва БМТТД қўшма лойиҳаси доирасида Aндижон вилояти тадбиркорларига техник қурилмалар топширилди

28.05.2021

25 май куни Aндижон шаҳрида кичик ва ўрта бизнес вакилларига янги лойиҳаларни ишга тушириш ёки мавжуд бўлган лойиҳаларни кенгайтириш учун қурилмалар топшириш маросими бўлиб ўтди. Таъкидлаш жоизки, ушбу ташаббус иштирокчилари аёллар ва ёшлар учун яратиладиган янги иш ўринлари сони, келажакда лойиҳани кенгайтириш ва такрорлаш имкониятлари ва салоҳияти, касбий маҳоратни ошириш, иш ва даромад топиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ижтимоий таъсирнинг таъминланиши каби мезонлар бўйича саралаб олинди.

Тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, вилоят ҳокими ўринбосари, ҳудудий Бандлик бошқармаси бошлиғи, Савдо-саноат палатаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва “Ёшлар-келажагимиз” жамғармаси ҳудудий бошқармаси вакиллари ҳамда қурилма олувчи тадбиркорлар иштирок этишди.

Тадбиркорларга беғараз ёрдам сифатида умумий қиймати 222 млн сўмга тенг 55 дона ишлаб чиқариш қурилмалари ва махсус ускуналар топширилди. Ушбу тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш натижасида Aндижон вилоятида аёллар ва ёшлар учун 34 та янги иш ўринлари яратилади ва 17 нафар аёллар ва ёшларга замонавий касб-ҳунарларни ўрганиши ҳамда тадбиркорлик қобилиятларини ривожлантириш имконияти яратилади.