БАА Инсон ресурслари ва амирлаштириш вазирлиги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

20.03.2019

2019 йилнинг 18-19 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари Инсон ресурслари ва амирлаштириш вазирлиги ўртасида меҳнат ресурслари соҳасида ҳамкорлик лойиҳалари кўриб чиқилди.

Хусусан, 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида БАА Инсон ресурслари ва амирлаштириш вазирлиги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда делегация раҳбари, халқаро муносабатлар бўлими директори Абдулла Альнуайми, вакиллар Абдулла Алшамси, Хурия Муҳамед Алзаруни, Раша Асем ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов бошчилигидаги масъуллар иштирок этди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад меҳнат ресурслари соҳасида ҳамкорлик олиб боришга мўлжалланган ҳукуматлараро ҳужжат лойиҳасини муҳокама қилиш бўлди. Мазкур ҳужжатда Ўзбекистон фуқароларининг Бирлашган Араб Амирликларида вақтинчалик меҳнат фаолиятларини олиб бориш тартиб-қоидалари, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш мезонлари, шунингдек, иш берувчи ва ишчи ўртасидаги меҳнат муносабатларини тартибловчи ҳуқуқий асослар белгиланган. Учрашув давомида томонлар ушбу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиб, ҳужжат лойиҳасидаги бандларни қайта кўриб чиқишди, уларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритди.

Учрашув якуни бўйича меҳнат ресурслари соҳасида Ўзбекистон ва БАА ўртасида Ҳукуматлараро ҳужжатни имзолашга келишиб олинди.

19 март куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида БАА Инсон ресурслари ва амирлаштириш вазирлигининг халқаро муносабатлар бўлими директори, делегацияси раҳбари Абдулла Альнуайми ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов меҳнат ресурслари бўйича Ҳукуматлараро ҳужжатни имзолади. Мазкур ҳужжат орқали эндиликда Ўзбекистон фуқароларига БААда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишлари учун янги имкониятлар ва меҳнат шарт-шароитлари яратилади.

Кун тартибида делегация вакиллари Тошкент шаҳридаги Корея инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати (КОИКА)нинг касбга ўқитиш маркази ҳамда Сергели тумани Коворкинг марказига ҳам ташриф буюриб, уларнинг фаолиятлари билан танишдилар.

БАА Инсон ресурслари ва амирлаштириш вазирлиги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи яқин келажакда меҳнат ресурслари соҳасида ҳамкорликда амалга оширилиши кутилаётган қатор ўзаро истиқболли лойиҳалар йўлида ташланган муҳим одимлардан бири бўлди.