Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Япониянинг Таълим соҳасида ҳамкорлик қилувчи халқаро ташкилоти (JITCO) билан ташқи меҳнат миграцияси сохасида ташкиллаштирилган тартибда ишга юбориш масалалари бўйича музокаралар ўтказди

18.12.2019

2019 йил 17 декабрь Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов бошчилигидаги делегация Таълим соҳасида ҳамкорлик қилувчи Япония халқаро ташкилоти (JITCO) раиси жаноб Хироаки Яси билан Токио шахрида учрашди.

Учрашувдан мақсад, Япония давлатида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган юртимиз фуқароларига Ўзбекистон ҳудудида япон стандартларига мос келадиган бошланғич даражадаги япон тилини ўқитиш, зарур бўлган касбларга тайёрлаш ҳамда Япониянинг урф-одатлари, қонун-қоидаларини ўргатишнинг самарали механизмларини яратиш юзасидан ҳамкорлик қилишга қаратилди.

Таълим соҳасида ҳамкорлик қилувчи Япония халқаро ташкилоти (JITCO) билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик 2012 йилнинг 28 май куни имзоланган Меморандумга асосан амалга ошириб келинмоқда.

Учрашув давомида томонлар “Махсус малакали ишчилар” – “ТОКУТЕ ГИНО” дастури асосида хорижий меҳнат ресурсларини ишга қабул қилиш тизимини амалга ошириш Меморандуми доирасида ҳамкорлик юритиш ва Япония иш берувчилари ҳамда Ўзбекистон Республикаси хусусий бандлик агентликлари ўртасидаги муносабатлар механизмини ишлаб чиқиш каби вазифаларни келишиб олди.

Жаноб Хироаки Яси ушбу дастур орқали Ўзбекистон фуқароларида хизмат кўрсатиш, хом-ашё ишлаб чиқариш, корхоналарга жиҳозлар ишлаб чиқариш, электр тармоклари, электрон-ахборот тизимлари, қурилиш, кемасозлик, автомобиллар ишлаб чиқариш, қишлок хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш сингари 14 та тармоқ бўйича Япония давлатининг етакчи корхоналарида меҳнат қилиш ва тажриба орттириш имконияти пайдо бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ушбу Меморандум республикамизда фаолият олиб борувчи тадбиркорлик субъектлари ходимларининг малакасини ошириш ва шу орқали бизнес фаолиятини ривожлантиришга катта ижобий таъсир кўрсатади.

житсо2