2019 йил I яримйиллик якунлари. Бандлик масаласини ўрганиш, шунингдек, ишга жойлашишга муҳтож аҳоли сонини аниқлаш натижалари 

2019 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этди, Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба иқтисодиётнинг расмий секторида банд кишилар сони 300 мингдан ортди.

2019 йил июнь ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан республиканинг 104 та шаҳар ва туманларида ижтимоий тадқиқот амалга оширилди. Тадқиқот давомида фуқароларнинг 462 та ўзини-ўзи бошқариш органлари, 4 880 та уй хўжалиги ва 25 925 нафар фуқаро қамраб олинди.

Тадқиқот натижаларининг таҳлили иқтисодий фаол аҳолига нисбатан ишсизлик даражаси 9,1 фоиз эканлигини кўрсатди, бу 2018 йилнинг мос даври кўрсаткичига қараганда 0,2 фоизга камдир. Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида энг юқори ишсизлик даражаси қайд этилди – 9,4 фоиз, энг кам кўрсаткич эса - Тошкент шаҳрида (7,7 фоиз).

Ишга жойлашишга муҳтож аҳоли сони 1 342,6 минг шахсдан иборат бўлиб, ёшлар орасидаги (30 ёшгача) ишсизлик даражаси 15,1 фоизни, 15-25 ёшдагилар ўртасида – 16,8 фоизни, аёллар орасида эса 12,7 фоизни ташкил этди.

Меҳнат ресурслари сони 18 964 минг киши бўлиб, 2018 йилнинг январь-июнь ойлари кўрсаткичига нисбатан 1 фоизга ортган. Иқтисодий фаол аҳоли сони 2018 йил мос даври кўрсаткичларига қараганда 181,5 мингга ёки 1,2 фоизга ўсган. Иқтисодий нофаол аҳоли сони 4 213,0 кишини ташкил этди (0,1 фоизга ортган), бундай кўрсаткич ҳомиладорлик таътили, туғиш таътили ёки 2 ёшгача бўлган болалар парваришидаги аёллар сонининг 4,4 фоизга ошиши билан изоҳланади. Таъкидлаш жоизки, ўз хоҳишига кўра банд бўлмаганлар сони кескин камайиб, 805,6 мингдан 734 минг (8,9 фоиз)га тушган, бу эса аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллиги ортганлигини билдиради.

Бандлик тизимида иқтисодиётнинг расмий секторида банд бўлганлар сони ўсгани ва норасмий сектордаги бандликнинг камайганлиги кузатилмоқда. Хусусан, иқтисодиёт соҳаларида банд бўлганларнинг умумий сони 13 408,4 минг кишига етди, бу 2018 йилнинг январь-июнь ойларидаги кўрсаткичга қараганда 1,4 фоизга кўпроқдир. Бунда иқтисодиётнинг расмий секторида банд бўлганлар сони Ўзбекистон тарихида биринчи марта 326,3 минга ёки 6,2 фоизга ортиб, 5 593,6 минг кишига етди. Норасмий секторда банд бўлганлар сони эса аксинча, 137,7 минга ёки 1,7 фоизга камайиб, 7 814,8 мингни ташкил этди. Бу бевосита норасмий тадбиркорлик фаолияти ва иш ўринларини легаллаштириш чора-тадбирлари натижасидир.

Шунингдек, тадқиқот натижалари чет элга меҳнат миграциясига кетган шахслар сони 2018 йил мос даври билан қиёслаганда 1,9 фоизга, 2 644,1 мингдан 2 594,1 минга пасайганлигини кўрсатди.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида туман ва шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига ишга жойлаштиришда ёрдам сўраб 404 569 нафар шахс мурожаат қилган бўлиб, улардан 138 173 нафарини 16-30 ёшгача бўлган шахслар ташкил этди. Мурожаат қилганлардан 167 713 нафари ишга жойлаштирилди, 139 679 нафари жамоат ишларига жалб қилинди, 10 085 нафари касбга қайта ўқитишга йўналтирилди, 31 938 нафар шахсга ишсизлик нафақаси тайинланди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан биринчи маротаба ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш бўйича янги хизмат тури – Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан беғараз молиявий ёрдам кўринишидаги субсидия ва грантлар тақдим этиш жорий қилинди.     

Хусусан, субсидиялар:

иш берувчиларга – аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун – ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдорида тўловни амалга ошириш;

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида рўйхатдан ўтган, тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахсларга – якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, тадбиркорликка ўқитиш ва кредит олишда суғурта полиси тўлови учун харажатларни энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўлаш;

ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга – ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида ҳақ тўлаш;

енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун томорқа ер эгаларига – “Томорқа хизмати” МЧЖ, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида энг кам ойлик иш ҳақининг 3 бараваридан 10 бараваригача бўлган миқдорда тўлаш учун берилади.

Грантлар:

касб-ҳунар таълими муассасаларига - банд бўлмаган шахсларни, айниқса, меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар, кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш;

касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, коллежлар ва олий ўқув юртларида касб-ҳунарга тайёрлаш, агротехнология, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳасида фермер ва деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва ишчилари ҳамда томорқа ер эгаларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни молиялаштириш.

Ўтган вақт давомида туман ва шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан иш берувчи ва ишсиз фуқаролар мурожаати бўйича 2 141,8 млн. сўмлик субсидиялар берилди, натижада 2 493 нафар ишсиф фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан атрофлича таҳлил ўтказиш, меҳнат ресурслари сони ва сифатини холис ва сифатли баҳолаш, шунингдек, аҳолини ишга жойлаштириш ва бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигига эришиш мақсадида меҳнат бозорини мунтазам ўрганиш ишлари давом эттирилади.

Тўлиқ юклаб олиш (PDF 2.05 MB)