Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида 10 декабрь Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан "Шуҳратинг порласин, токи бор жаҳон" мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

10 декабрь Ўзбекистон Республикаси

Давлат Мадҳияси қабул қилинган кун

 

Шуҳратинг порласин, токи бор жаҳон

  Мустақил Ўзбекистон мадҳияси янграган ҳар гўшада борлиқ яшаради, уни тинглаган ҳар вужуднинг қалбида меҳр-муҳаббат, садоқат акс этади, шуурида маърифат жўш уради.

1992 йил 10 декабрь. Ушбу санада Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи 13 моддадан иборат “Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси мустақилликка эътиқодни тарғиб қилади. Унинг матни фуқароларимизни мустақил давлат қуриш йўлида матонат ва жасоратга, сабр-тоқат ва фидокорликка, курашга чақиради, миллий ғурурни уйғотади.

Мадҳиямиз байрамлар, сиёсий чиқишлар, спорт анжуманлари, расмий давлат қабуллари, аҳамиятли митинглар, турли давлат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш маросимлари ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда ижро этилиб, давлат суверенитетига эътиқод ва ҳурматни расмий мусиқа ҳамда матн билан ифода этади.

Ҳар тонгни мадҳиямиз садолари билан қарши оламиз. Қалбимизда янги кун, янги давр, янги орзу ва умидга шижоат уйғонади. Истиқлолга ва бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукрона келтирамиз. Аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафовчи бу тарона асрлар оша баралла янграйвериши ҳақидаги истак билан олға интиламиз.

Ҳурматли ҳамкасблар сизларни қалбимизда чексиз фахр ва ифтихор туйғуларини юксалтирувчи, она юртга фидойиликни тараннум этувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун  барчамизга муборак бўлсин!