Положение
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини бошқариш дирекциясининг
НИЗОМИ
1-боб. Умумий қоидалар
- Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини бошқариш дирекцияси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) мақоми, вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
- Дирекция Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 31 октябрдаги ПҚ-4502-сон қарорига асосан ташкил этилган.
- Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруқларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
- Дирекция юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳри ва фирма бланкасига, мустақил балансга, банкларда очилган ҳисобрақамга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилигида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади. Дирекция Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг таркибий тузилмасига киради.
- Дирекциянинг расмий номи:
а) давлат тилида: тўлиқ номи - «Ягона миллий меҳнат тизими» Идоралараро дастурий-аппарат комплексини бошқариш дирекцияси;
қисқартирилган номи - «ЯММТ» ИДАКни бошқариш дирекцияси;
б) рус тилида: тўлиқ номи - Дирекция по управлению межведомственным аппаратно-программным комплексом “Единая национальная система труда”;
қисқартирилган номи - Дирекция по управлению МАПК «ЕНСТ».
- Дирекциянинг жойлашган манзили (почта манзили): 100000, Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Амир Темур кўчаси 62-уй.
- Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Дирекциянинг муассиси (кейинги ўринларда “Муассис”) ҳисобланади.
- Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги «ЯММТ» ИДАКнинг балансда сақловчиси ҳисобланади.
- Дирекция ўз номидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий
ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин.
2-боб. Дирекциянинг асосий вазифалари
- Қуйидагилар Дирекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
иш берувчилар томонидан меҳнат шартномаларининг ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилишини мониторинг қилиш, меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказишда иш берувчилар ва ходимларга техник ёрдам кўрсатиш, шу жумладан тегишли маълумотларни киритиш ва олиш учун зарур аппарат воситаларини тақдим этиш;
«ЯММТ» ИДАКни қўллаш, электрон меҳнат дафтарчасини шакллантириш
ва жорий қилиш, ходимнинг меҳнат стажи тўғри ҳисобланишини таъминлаш жараёнида юзага келадиган барча масалалар бўйича иш берувчиларга техник
ва ахборот кўмагини тақдим қилиш, шунингдек, «ЯММТ» ИДАК фойдаланувчиси ҳисобланган фуқароларга ахборот кўмагини кўрсатиш;
«Электрон ҳукумат» тизимига кирувчи ахборот тизимлари билан
«ЯММТ» ИДАК маълумотларини алмашиш масалалари бўйича идоралараро ҳамкорликни ташкиллаштириш;
«ЯММТ» ИДАКдан самарали ва ишончли фойдаланиш, иш берувчилар
ва ходимлар шахсий маълумотларининг ахборот хавфсизлиги ва махфийлигини таъминлаш;
жорий этилаётган меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва электрон меҳнат дафтарчаларини юритиш тартибини тушунтириб берувчи,
«ЯММТ» ИДАКни ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболлари ҳақида материаллар тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида чоп этиш, телерадиоканалларда махсус телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар ташкил қилиш;
маълумотлар базаси алмашинувини ташкил этишни ўз ичига олган ҳолда «Электрон ҳукумат» тизимига кирувчи ахборот тизимлари операторлари билан идоралараро ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш;
иш берувчилар томонидан «ЯММТ» ИДАК»да меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва электрон меҳнат дафтарчаларини юритиш тартибини амалга оширилишини мониторинг қилиш;
«ЯММТ» ИДАКда қатнашиш, шу жумладан, меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва электрон меҳнат дафтарчаларни юритиш жараёнида иш берувчиларга ўз вақтида техник ва ахборот ёрдамини кўрсатиш;
«ЯММТ» ИДАКнинг ишлаши бўйича қўлланма ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқишда қатнашиш;
тасдиқланган рўйхатга мувофиқ «ЯММТ» ИДАК» таркибига кирувчи идоравий маълумотлар базалари ўртасида идоралараро ўзаро алоқаларни, ахборот алмашинувини ташкил этиш;
«ЯММТ» ИДАКнинг самарали ва ишончли ишлашини, «ЯММТ» ИДАК» таркибидаги шахсий маълумотларнинг ҳимояси ва махфийлигини таъминлаш;
«ЯММТ» ИДАКни жорий этиш ва ишлатиш бўйича фаол тушунтириш ишларини амалга ошириш;
туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказлари ходимларини «ЯММТ» ИДАКда ишлашни ўргатиш.
3-боб. Дирекция фаолиятини бошқариш
11.Дирекциянинг жорий фаолиятига раҳбарликни яккабошчилик асосида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Директор амалга оширади.
- Дирекция ўз фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирига бўйсинади ва ҳисобот беради.
- Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Дирекция фаолиятининг мақсади ва йўналишларини белгилаш;
Дирекция Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
Дирекциянинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёхуд белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ва тасарруф этиш;
Дирекция томонидан ўзига берилган мулкдан фойдаланишдан олинган соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш;
Дирекция мулки билан амалга оширилган битишувларни ҳаққоний эмас деб эътироф этиш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш;
Дирекцияга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида даъво тақдим этиш;
Дирекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва тугатиш балансини тасдиқлаш;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин тўхтатиш;
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиш.
- Директор Дирекциянинг олдига қўйилган вазифа ва функцияларни бажарилишига шахсан жавобгар хисобланади.
- Директор:
ишончномасиз дирекция номидан республикада ва хорижда иш олиб боради, шунингдек, барча давлат органлари ва ташкилотларида, судларда унинг манфаатларини ифодалайди;
банкларда ҳисоб-рақами ва бошқа ҳисоб-варақлар очиш, ўз ваколати доирасида Дирекциянинг мол-мулки ва молиявий ресурсларини бошқаради;
Дирекция ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш, уларга рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллайди;
кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш чораларини кўради;
дирекциянинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар, қарорлар ва кўрсатмалар қабул қилади;
дирекция фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ва бошқа қонунчилигига амал килиниши устидан назоратни таъминлайди;
Дирекция номидан хўжалик шартномалари тузади, ўзгартиради, бекор қилади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларига, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруқларига асосан «ЯММТ» ИДАКни бошқариш Дирекцияси олдига қўйилган топшириқ ва вазифаларни бажарилишини ташкил қилади;
Дирекциянинг асосий фаолиятини такомиллаштиришга, бошқаришнинг энг янги услубларини жорий этишга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш чора-тадбирларини кўради;
ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномалари (контрактлари) тузади ҳамда уларни ўзгартиради ва бекор қилади;
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;
Дирекциянинг Жамоа шартномаси, Ички меҳнат тартиби қоидаларини ва хўжалик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлайди;
Дирекция томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;
Дирекцияга юкланган мақсадлар ва вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.
- Директор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларини бажаришда Дирекция манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳаракат қилиши лозим ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи барча талабларнинг ва уларга тенглаштирилган тўловларнинг қондирилиши, бевосита ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ эҳтиёжларга маблағлар ўтказилмаганлиги, Дирекциянинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан, шу жумладан Дирекцияга берилган давлат мол-мулки йўқотилган тақдирда етказилган зарар юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
- Директор ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши, шунингдек Дирекцияга берилган давлат мулкининг сақланиши ва ундан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
4-боб. Дирекция фаолиятининг молиявий асослари
- «ЯММТ» ИДАКни ишлаб чиқиш, кузатиб бориш, таъминлаш ва такомиллаштириш, самарали ишлаб туриши ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш харажатлари, шунингдек Дирекцияни сақлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.
5-боб. Дирекция ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси жорий қилинишини ва унинг ишлашини таъминлашга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил
5 декабрдаги 971-сон қарори (6-банди)га мувофиқ Дирекцияни сақлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Директор меҳнат органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш жамғармасидан ажратилган маблағлар ҳисобидан ўз фаолиятида самарадорликнинг энг юқори кўрсаткичларини таъминлаётган ходимларга уларнинг лавозим маошининг бир бараваридан ошмаган миқдорида шахсий устамалар белгилашга ҳақли. Шахсий устамалар миқдорини белгилашда меҳнатга ҳақ тўлашга оид Ягона тариф сеткаси бўйича тариф коэффициентлари билан бир қаторда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармасидан шахсий устамалар, шунингдек бюджетдан молиялаштириладиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари давлат хизматчилари лавозим маошларига 40 фоизлик қўшимча (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти) лавозим маоши ҳисоб-китобига киритилади.
- Дирекцияни сақлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
- Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлигининг Меҳнат органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш жамғармаси маблағларидан ажратилган маблағлар ҳисобидан пуллик тўловлар тўланади.
- Дирекция ходимлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклларда ҳам моддий рағбатлантирилиши мумкин.
- Дирекция ходимларига ойлик шахсий устамалар Директорнинг ўз ташаббуси ёки бўлим бошлиғи тавсиясига кўра тасдиқланади.
- Иш сифати ёмонлашса, топшириқлар ўз вақтида бажарилмаса, меҳнат ва ижро интизоми бузилса, белгиланган устамалар бекор қилиниши ёки уларнинг миқдори камайтирилиши мумкин.
6-боб. Дирекциянинг иқтисодий фаолияти асослари
- Дирекция алоҳида мол-мулкга эга мустакил баланс юритади.
- Дирекциянинг сақланиши Муассис томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ, шунингдек халқаро грандлар, техник ёрдам, хайрия маблағлари, шу жумладан, хорижий кредитлардан тушган маблағлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
- Дирекцияга берилган мол-мулк давлат мулки ҳисобланади.
- Дирекциянинг тузилмаси ва штатлари, иш ҳақи миқдори, иш ҳақи
ва мукофотлаш тартиби Муассис томонидан белгиланади.
7-боб. Ҳисобот бериш тартиби
- Ҳисобот даври якунида Дирекция ваколатли органларга
(ДСИ, Статистика) қонунчиликда белгиланган рўйхат бўйича молиявий ҳисоботларни ва бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва белгиланган тартибда уларни давлат архивига топширилиши учун жавобгардир.
Дирекциянинг хўжалик фаолияти субъекти сифатидаги фаолияти Муассис ва бошқа ваколатли органлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ назорат қилинади.
Дирекция Муассиснинг талабига кўра олиб борган фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот беришга мажбур.
8-боб. Дирекцияни тугатиш ва қайта ташкил этиш
- Дирекция Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ёки суд қарорига биноан тугатилиши ёки қайта ташкил этилиши мумкин.
- Дирекцияни тугатиш Дирекциянинг фаолиятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмаган ҳолда тўхтатилишига сабаб бўлади, Дирекция қайта ташкил этилган тақдирда ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳуқуқий ворисга ўтади.
9-боб. Якуний қоидалар
- Мазкур Устав давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан кучга киради.
- Мазкур Устав Дирекциянинг барча ходимлари ва фаолияти Дирекция билан боғлиқ бошқа шахслар учун мажбурийдир.
- Ушбу Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири билан келишилган ҳолда амалга оширилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказилади.
- Ушбу Уставда тартибга солинмаган бошқа масалалар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади. ”.