AOKAda Kambag‘allikni qisqartirish va bandlik vazirligi axborot xizmati rahbari Faxriddin Hayitov ishtirokida brifing bo'lib o'tdi

31.10.2023


 Mavzu: " Kambag'allikni qisqartirish va bandlik vazirligi tomonidan "Yashil makon” umummilliy loyihasi doirasida amalga oshirilgan ishlar”.

 “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ҳам  самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишда ҳам мазкур масала бўйича қатор муҳим таклифлар билдириб, устувор вазифаларни белгилаб берганидан хабаримиз бор.

“Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” шиори остида ҳар бир хонадон томонидан 20 туп кўчат экиш ва парвариш қилиш ташаббуси илгари сурилди.

 Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарлари масъуллигида Ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Туман-шаҳарлар ва маҳаллаларда маҳаллий ҳокимликлар томонидан 600 га яқин кўчат ярмаркалари ташкил этилди.

Экология, бандлик ҳамда ўрмон хўжалиги масъулларини туманлар ва маҳаллаларга бириктириш жадваллар асосида амалга оширилди.

Марказий кўчалар, маҳаллалар ва деҳқон бозорларида 900 га яқин кўчат сотиш пунктлари ташкил этилди.

Вилоят, туман ва шаҳарлар Ишчи гуруҳлари томонидан кўчат экиш бўйича тақсимотлар ишлаб чиқилиб, чора-тадбирлар белгиланиб олинди:

Хусусан, штабларга экология ва ўрмончилик соҳасида фаолият юритаётган ходимларни бириктириш;

Маҳалла раислари билан биргаликда суғориш тизими мавжуд,  иқлим шароитига мос, тупроқ шароитига тўғри келадиган кўчат турларини аниқлаш ва ушбу кўчатларни экиш учун ер майдонларини танлаш ишлари олиб борилди.

Ҳар бир маҳаллаларга ўрмон хўжаликлари томонидан кўчатлар етказиб бериш бўйича ташкилий ва амалий чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, 2023 йил 30 октябрь ҳолатига кўра, лойиҳа доирасида 2023 йил куз мавсумида ҳудудларда жами 6 миллион 100 минг донадан ошиқ кўчатлар экилган бўлиб, шундан Андижон вилоятида 1 миллион 32 мингта, Наманган вилоятида 536 мингта, Жиззах вилоятида 674 мингта, Тошкент вилоятида 520 мингта, Фарғона вилоятида 564 мингта, Самарқанд вилоятида 515 мингта, Қашқадарё вилоятида 280 мингта ҳамда Тошкент шаҳрида 292 мингта мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилган.

Қолаверса, маҳаллаларда кўчат экиш бўйича умумий режа 18 миллиондан ортиқ этиб белгиланган бўлиб, шундан, мавсум бошидан буён 2 миллион 350 мингтага яқин кўчатлар экилган.

Маҳаллаларда экилган мевали ва манзарали кўчатлар сони мавсум бошидан буён Қорақалпоғистон Республикасида 278 мингта, Андижон вилоятида 400 мингта, Қашқадарё вилоятида 245 мингта, Тошкент шаҳрида 200 мингта, Фарғона вилоятида 245 мингта, Тошкент вилоятида 164 мингта, Жиззах вилоятида 145 мингта ҳамда Бухоро вилоятида 195 мингтани ташкил қилган.

Лойиҳа доирасида ҳудудларда ишлар жадал суратларда давом эттирилмоқда.

Қадрли юртдошлар! Муҳтарам маҳалла фаоллари, кўчабоши ва уйбошилар!

Дарахт экиш ва уни парваришлашни мажбурият эмас, қадрият сифатида қабул қилайлик!

Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги бурчимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, “Яшил макон” лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик!

Токи, биздан фарзандларимизга обод, яшилликка бурканган гўзал Ватан мерос қолсин!