Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис малака сертификатига талабгорлар учун енгиллик ва қўлайликлар яратилди!

26.04.2021

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 5 апрелдаги 183-сон қарорининг 6-иловасига мувофиқ тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар”га асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 сентябрдаги 263-сон қарори билан тасдиқланган “Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича мутахассис малака сертификати бериш тартиби тўғрисида”ги низомга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис малака сертификатига талабгор бўлганлар учун енгиллик ва қўлайликлар яратилди.

Биринчидан, малака сертификатнинг номига ўзгартириш киритилди. 

Илгари малака сертификатнинг номи “Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича мутахассис малака сертификати” бўлган.

Ҳозирги вақтда малака сертификати “Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис малака сертификати” деб номланади ва бу сертификат меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида 4 та хизмат кўрсатиш тури: меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида аудит ўтказиш, меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг функцияларини бажариш, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўқитиш ва малака ошириш, шунингдек иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш хизматларини кўрсатадиган мутахассисларга тадбиқ қилинмоқда.

Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича мутахассис малака сертификатига эга бўлган шахслар меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида фақатгина 1 та хизмат кўрсатиш тури билан яъни иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш билан шуғулланар эди.

Иккинчидан, малака сертификатини олиш мумкин бўлган жойлар ўзгартирилди.

Малака сертификатига талабгор шахслар ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб Тошкент шаҳрига келишмайди, яъни малака имтиҳони ҳудудий меҳнат органида – Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармалари тузилган имтиҳон комиссиясига топширилади ва ушбу орган томонидан малака сертификати берилади.

Ҳужжатнинг олдинги таҳририда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис малака сертификатига талабгор шахс Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари райислигидаги идоралараро имтиҳон комиссиясига малака имтиҳонини топшириши белгиланган эди.

Учинчидан, малака имтихонини ўтказиш учун шакллантириладиган гуруҳда талабгорла сонига ўзгартириш киритилди.

Гуруҳда талабгорлар сони 3 кишидан кам ва 6 кишидан ортиқ бўлмаган ҳолда малака имтиҳони ўтказилиши белгиланди.

Ҳужжатнинг олдинги таҳририда гуруҳда талабгорлар сони 10 кишидан кам ва 50 кишидан ортиқ бўлмаган ҳолда малака имтиҳони ўтказилиши белгиланган эди. Бунда, айрим ҳолларда талабгорлар 10-50 кишидан иборат бўлган гуруҳ шакллангунга қадар бир неча ой малака имтиҳони ўтказилишини кутар эди.