Вазир Нозим Хусанов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди

25.01.2021

АОКАда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутасаддилари иштирокида 2021 йилги устувор вазифаларга бағишланган «Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонуни мазмун-моҳияти ва аҳамияти, соҳадаги долзарб масалалар»га бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбир 2021 йил 21 январдан бошлаб кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонуни ва ундаги янгиликларга бағишланади.

Қонун 19 та боб, 123 та моддадан иборат бўлиб, уни ишлаб чиқишда 10 дан ортиқ вазирлик ва идораларнинг мутахассислари иштирок этди. Қонунни тайёрлаш жараёнида бир қатор Европа, Осиё, МДҲ мамлакатлари  қонунчилиги, бу соҳадаги халқаро тажриба ўрганилди, Халқаро меҳнат ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар фикрлари инобатга олинди.

Қонунни қабул қилиш заруриятининг келиб чиқиши:

Биринчидан, 1998 йилда қабул қилинган “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонун меҳнат бозорининг ҳозирги ҳолатини акс эттирмайди. Чунки, сўнгги 22 йил ичида Ўзбекистон меҳнат бозорида жиддий ўзгаришлар рўй берди, хусусан иш билан банд бўлганлар сони 1,5 бараварга (8,8 млндан 13,5 млнгача киши), иш берувчилар сони 4,5 бараварга (203,2 мингдан 928,9 минггача) кўпайди.

Иккинчидан, Қонуннинг аввалги таҳрири тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳисобланмайди ва ҳозирги шароитларда самарасиз бўлган эскирган норма ва қоидаларни ўз ичига олган.

Учинчидан, меҳнат бозорини тартибга солишнинг янги инструментлари, хусусан тадбиркорликни рағбатлантириш, ўзини ўзи банд қилиш, ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш, малакасини ошириш, иш стажини ҳисобга олишда ахборот тизимларидан фойдаланиш кабилар акс эттирилмаган.

Қонунда Аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, хусусан, соҳада комплекс ёндашиш мақсадида барча давлат органлари ва ташкилотларнинг вазифалари, жумладан, биринчи маротаба Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, ишга жойлаштириш бўйича агентликлар ҳамда аутстаффинг хизматларини кўрсатувчи иш берувчиларнинг соҳадаги вазифалари белгиланмоқда.

Маҳаллий меҳнат органларига мурожаат этган иш қидираётган ва ишсиз шахсларга кўрсатиладиган хизматлар турлари 7 тадан 16 тага кўпаймоқда. Бунинг натижасида меҳнат органларига 1 йилда 1,0 млнга яқин мурожаатлар бўлиши кутилмоқда. Бунда, вакант иш ўринларининг сифатини ошириш орқали мурожаат қилганларнинг 800 мингга яқини ишга жойлаштирилади ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан камида 30 минг нафарига субсидиялар ажратилади, 80 мингга яқини касбга ўқитилади. Шу билан бирга, иш қидираётган шахсларни меҳнат органлари томонидан рўйхатга олиш ва ҳисобдан чиқариш, ишга жойлаштириш, уларга ва иш берувчиларга субсидия, грантлар ва кредит линиялари ажратиш, ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиш тартиблари белгиланган.

Қонунни кучга кириши билан  Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш тартиби ҳам янгиланмоқда, жумладан, ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли тоифалари кенгайтирилди. Ташкилотлар учун белгиланадиган иш ўринларининг энг кам сони фоиздан ортиқни ташкил этиши мумкин эмаслиги белгиланди. Иш ўринларини захирага қўйишда иштирок этадиган ташкилотлар учун имтиёзлар ҳам белгиланмоқда.

Қонун кучга кириши билан ишсизлик нафақасини тўлаш тартиби ҳам ўзгаради. Агарда аввал ишсизлик нафақаси илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётганларга 12 ойлик давр мобайнида фақат 13  ҳафта тўланган бўлса, эндиликда ишсизлик нафақаси барча тоифадаги ишсиз шахсларга 12 ойлик давр ичида 26 календарь ҳафта давомида тўланиши белгиланмоқда. Ишсизлик нафақалари қуйидаги миқдорларда тўланиши белгиланмоқда:

  • ишдан ва иш ҳақидан сўнгги 12ой давр ичида маҳрум бўлган

шахсларга – аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлмаган ва нафақани ҳисоблаш пайтидаги ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда;

  • ишдан ва иш ҳақидан маҳрум бўлган ҳамда узоқ (1йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга – меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1баравари миқдорида
    (1 февралдан 747 300 сўм);
  • илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахслар учун – белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг камида 75фоизи миқдорида.

Мазкур чоралар натижасида ишсизлар иш қидириш даврида моддий қўллаб-қувватланади ва 80 мингга яқин ишсизларга нафақалар тайинланади.

Иш қидираётган ва ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартиби ҳам такомиллаштирилди. Бу борада давлат буюртмаси шакллантирилиб, унинг параметрлари, грантларининг турлари ва миқдорлари тасдиқланади. Бундан ташқари, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида ишсиз шахсларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг ҳисобидан 26 календарь ҳафтагача муддатга турли миқдорларда стипендия тўланиши белгиланмоқда. Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакани ошириш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш механизмини жорий этиш орқали 70 мингга яқин фуқаролар касбга тайёрланади ва бандлиги таъминланади.

Қонунда, шунингдек, ватандошларимизнинг республикадан ташқаридаги меҳнат фаолияти тартибга солинмоқда, жумладан, уларнинг меҳнат фаолиятига доир ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан фуқароларни ишга жойлаштириш соҳасида кўрсатиладиган хизматлар, юридик шахсларнинг чет элга чиқиб кетаётган фуқароларни ишга жойлаштириш ва касбий билимини тасдиқлаш бўйича фаолияти, фуқароларни республикадан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшган ҳолда ишга қабул қилиш, меҳнат фаолиятини амалга оширганидан сўнг республикага қайтган фуқароларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш масалалари ҳам ўз аксини топган.