Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва БМТТД қўшма лойиҳаси доирасида Жиззах вилояти тадбиркорларига техник қурилмалар топширилди

03.06.2021

2021 йилнинг 2 июнь куни Жиззах шаҳрида кичик ва ўрта бизнес вакилларига янги лойиҳаларни ишга тушириш ёки мавжуд бўлган лойиҳаларни кенгайтириш учун қурилмалар топшириш маросими бўлиб ўтди. Таъкидлаш жоизки, ушбу ташаббус иштирокчилари аёллар ва ёшлар учун яратиладиган янги иш ўринлари сони, келажакда лойиҳани кенгайтириш ва такрорлаш имкониятлари ва салоҳияти, касбий маҳоратни ошириш, иш топиш ва даромад топиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ижтимоий таъсирнинг таъминланиши каби мезонлар бўйича саралаб олинди.

Тадбирда Вилоят Бандлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Жиззах вилояти Савдо-саноат палатаси бошлиғи, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва “Ёшлар-келажагимиз” жамғармаси ҳудудий бошқармаси вакиллари ҳамда қурилма олувчи тадбиркорлар иштирок этишди.

Олти нафар тадбиркорларга беғараз ёрдам сифатида умумий қиймати 187 млн сўмга тенг 88 дона ишлаб чиқариш қурилмалари ва махсус ускуналар топширилди. Ушбу тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш натижасида Жиззах вилоятида аёллар ва ёшлар учун 32та янги иш ўринлари яратилади ва 33 нафар аёллар ва ёшларга замонавий касб-ҳунарларни ўрганиши ҳамда тадбиркорлик қобилиятларини ривожлантириш имконияти яратилади.

Саралаб олинган тадбиркорлар лойиҳалари фаолият турлари:
• Aёллар сартарошхонаси ва гўзаллик салонини ишга тушириш;
• Тўй либослари, замонавий пардалар ва болалар кийимларини тикиш бўйича ўқув-ишлаб чиқариш марказини ташкил этиш ва аёлларни ўқитиш;
• Гўзаллик салонини яратиш, ишсизлар ёки коллеж битирувчиларини ўқитиш ва иш билан таъминлаш;
• Aёллар ва ёшларни ўзбек тилида видеоконтент яратишга ўргатиш учун мини-инкубаторни ташкил этиш;
• Миллий матолардан элита пардалари ва кўрпа-тўшакларини тикиш ва тикувчиларни ўқитиш цехини яратиш;
• Замбил, кўрпа-тўшак тўпламлари ва болалар кийимларини ишлаб чиқариш бўйича тикувчилик корхонасини ишга тушириш.