ЎЗБЕКИСТОНДА ИШСИЗЛИК ДАРАЖАСИ 9,4 ФОИЗНИ ТАШКИЛ ЭТДИ

15.11.2021

Ўзбекистонда 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 фоизга, январь-июнь ойларига нисбатан 0,4 фоизга камайди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан республикамизнинг 108 та шаҳар ва туманларида навбатдаги ижтимоий сўров ўтказилди. Тадқиқот давомида 500 та ўзини-ўзи бошқариш органлари, 5,0 мингта уй хўжаликлари ҳамда 26,5 минг нафар фуқаролар қамраб олинди.  

 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида меҳнат ресурслари сони 19 322,8 минг кишини ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 101,1 фоизга ёки 201,4 минг кишига ошган.

 Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13 609,1 минг кишини ташкил этиб, мос даврига нисбатан 3,1 фоизга (403,9 минг кишига) ошган.

 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида расмий секторда банд аҳоли сони 6 124,3 минг кишини ташкил қилиб,  2020  йилнинг шу даврига нисбатан юридик шахсларда банд бўлганлар сони 7,9 фоизга ёки 450,5 минг кишига ошгани кузатилди.

Норасмий секторда банд бўлганлар сони 5 943,9 минг кишини ташкил этиб, жорий йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан 4,1 фоиз ёки 254,0 минг кишига камайган.

 Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 413,7 минг кишини, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 9,4 фоизни ташкил этди. 16-30 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси - 14,9 фоиз, аёллар орасида ишсизлик даражаси эса - 12,8 фоиз бўлди.

Жорий йил январь-сентябрь ойларида республикамизда иқтисодий нофаол аҳоли 4 300,0 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,6 фоизга ёки 26,3 минг кишига ортиши кузатилди.

2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 842 минг нафар фуқаро иш топишга ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Мурожаат қилган фуқароларнинг 302,0 минг нафари иш билан таъминланди, (жорий йилда 281,3 минг ишсиз аҳолини ишга жойлаштириш белгиланган бўлиб), йиллик дастур 107,4 фоизга бажарилди (шунингдек 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 124 фоизга ошди). Хусусан,  саноат соҳасига 62 минг, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига 73,5 минг, қишлоқ хўжалиги соҳасига 28,4 минг, бошқа бюджет корхоналарига 138 минг нафар ишсизлар ишга жойлаштирилди.

Мурожаат қилган фуқароларнинг 203 минг банд бўлмаган аҳоли ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди ва уларнинг иш ҳақи учун 177 млрд.сўм маблағ тўлаб берилди. Жумладан: 163,6 минг нафар ишсизлар туман (шаҳар) аҳоли пунктлари, маҳаллалар ва бошқа ҳудудларни ободонлаштириш ишларига, 21 минг қишлоқ хўжалиги ишларига, 10,7 минг бюджет корхоналарига,  4,6 минг саноат ва хизмат кўрсатиш корхоналарига, 17,1 минг бошқа йўналишларда ташкил этилган жамоат ишларига жалб этилди.

Бундан ташқари, 93,5 минг нафар ишсизларга 81,9 млрд.сўм ишсизлик нафақаси тайинланди ва тўлаб берилди.

Йилнинг ўтган даврида 31,5 минг ишсизлар ҳамда “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”га киритилган ишсизларга 66,6 млрд.сўм субсидия маблағлари ажратилди. Жумладан:

- тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш, асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш, “Ҳунарманд” уюшмасига аъзолик бадали харажатларини қоплаш учун 6 263 нафар фуқароларга 4,8 млрд.сўм;

- шахсий ва дала томорқасида иссиқхона, экишга уруғлар ва кўчатлар ҳамда суғориш воситаларини ҳарид қилиш учун 16 426 та оилаларга 43,7 млрд.сўм субсидия маблағлари ажратилди.

190 та ишлаб чиқариш кооперативлари ташкил этилиб, уларга 9 минг нафар ишсизлар бириктирилди ва уларнинг аъзолик улуши сифатида 18,2 млрд.сўм субсидиялар ажратилди.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида жами 338,2 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди ёки прогнозга нисбатан 124 фоизга бажарилган (ўтган йилга нисбатан 126 %га ўсди, 66,9 мингтага кўп). Шу жумладан,

  • тармоқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 78 та лойиҳада жами 9 064 та;
  • ҳудудий инвестиция дастурига киритилган 10,6 мингта лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 108,8 мингта (116 %) янги иш ўрни ташкил этилган.
  • Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига 4 920 та (9 ойлик прогнозга нисбатан 182 %) доимий иш ўрни яратилган.
  • янги рўйхатдан ўтган қарийиб 60 мингта кичик корхона ва микрофирмаларда 123,9 мингта янги иш ўринлари ташкил этилган.
  • Якка тартибдаги тадбиркорларни фаолиятини йўлга қўйиш орқали 91,5 минг нафар (122 %) аҳоли банд этилди.

Меҳнат бозоридаги талаблар асосида касбий билимларга ўқитиш вазирликнинг устувор вазифасига айланди. Вазирлик тасарруфида 16 та “Ишга марҳамат” банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи “Мономарказ”, 59 та туман ва шаҳар касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, 136 та маҳаллада касб-ҳунарга ўқитиш масканлари фаолияти йўлга қўйилди.

Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 54 турдаги касблар, тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тиллар бўйича жорий йилнинг 9 ойида 97,7 минг нафар ишсизлар касб-ҳунарга ўқишга жалб этилди.

Касб-ҳунарга ўқишга жалб этилганларнинг асосий қисми хотин-қизлар (66 фоиз), ёшлар (54 фоиз) улушига тўғри келди. Уларнинг 26,4 фоизи “Аёллар дафтари”, 40 фоизи “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган ишсиз фуқароларни ташкил этади.

Касб-ҳунарга ўқитишга жалб этилганларнинг 48,9 минг нафари (50,1%) саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишида, 27,1 минг нафари (27,6%) қурилиш, 3,6 минг нафари (3,7%) агротехнологиялар, 6,6 минг нафари (6,8%) “IT” соҳаси касблари ва 11,5 минг нафари (11,8%) “Уста-шогирд” анъанаси асосида ҳунармандчилик касбларига йўналтирилди.