Устахонада ҳунар ўрганаётган қизлар

06.10.2022

Устахонада ҳунар ўрганаётган қизлар

Сирдарё вилояти Архитектура ва қурилиш техникуми қошидаги "Қурилиш соҳаси малакали мутахассисларини тайёрлаш маркази"да йигитлар билан бир қаторда хотин-қизлар ҳам "Сантехника ишлари устаси", “Бўёқчи-безакчи”, “Дурадгор”, “Электрогазпайвандчи”, “Электромонтажчи” ва "Кран машинисти" йўналишларидаги қурилиш соҳасига оид замонавий ҳунарларни ўзлаштиришмоқда.

— Сантехника ишлари устаси ҳунарига ёшлигимдан қизиққанман. Давлатимиз томонидан барча шароитлар яратилган, хусусан уч маҳал иссиқ овқат, ётоқхона ва стипендиялар ўз вақтида бериб борилади. Устозимиз касб сирларини мукаммал ўргатмоқда. Ишонаманки, келгусида ўрганган касбим орқали Ватанимиз, оиламиз учун ҳам фойда келтираман, — дейди марказ тингловчиси Шаҳноза Маҳмасафоева. — Бу соҳада фақат эркаклар ишлайди деган фикрга қўшилмайман, одамда қизиқиш бўлса бас. Мисол учун марказда тенгдош қизларимиз ҳам касб-ҳунар ўрганиб келмоқда. Келажакда қурилаётган уй-жойларда ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан.

Сир эмаски ҳунармандчилик, касб-ҳунар ўрганиш тарихи қадим ўтмишга бориб тақалади. Бугунги кунда юртимизда ҳар қандай касб билан шуғулланиш, уни ўрганиш учун барча шароитлар мавжуд бўлиб — у замонавий ёки қадимий тарихга эга бўлишидан қатъий назар одамларга наф келтириши билан биргаликда, уларнинг турмуш даражасини ҳам ўзгартиришга хизмат қилиб келмоқда. Шундай экан, йигитлар қаторида қизларнинг ҳам устачилик ҳунарларини ўзлаштираётганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.