Тошкент шаҳридаги ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказига саёҳат

21.11.2019

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Тошкент шаҳридаги ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази – кўпроқ КОИКА номи билан тилга олинадиган ташкилоти бугун юртдошларимизни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш ва қайта ўқитиш орқали ҳаётда ўз йўлларини топишлари ва жамиятнинг муҳим бўлагига айланишлари учун имконият яратмоқда.

Ушбу марказ Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ташкил этилиб, 2012 йил 25 июлдан ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни касбга тайёрловчи Марказий Осиёдаги илк марказ сифатида фаолият бошлаган. Ҳозиргача бу ерда 4000 га яқин аҳоли касбга ўқитилиб, аксариятининг бандлиги таъминланган.

Марказда меҳнат бозори учун ўндан ортиқ касбий йўналишлар бўйича малакали кадрлар қисқа муддатларда тайёрланади, тармоқлари модернизация ва диверсификация қилинаётган корхоналарнинг ишчи ходимлари эса қайта тайёрланиб, малакаси оширилади.

Марказда ўқиш 8 ой давом этиб, шундан 6 ойи касбга ўқитиш ҳамда 2 ойи корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташга қаратилган.

Айни пайт марказда қуйидаги тўрт йўналиш бўйича бепул ўқитилади.

Автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш йўналиши

Ушбу касб бўйича меҳнат бозори, хусусан, Ўзбекистон автомобиль саноати ва ҳудудлардаги хусусий устахоналарга автомобиль двигателлари ва  шассисига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш чилангарлари, автомобиль кузов ишлари бўйича чилангарлар, автомобилнинг электр қисмини таъмирловчи чилангарлар ва диагностикачилар етказиб берилмоқда. Битирувчиларнинг аксарияти ўз ҳудудларида автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи хусусий устахоналарни очишга муваффақ бўлишган.

кк6

кк2

Ахборот технологиялари йўналиши

Мазкур йўналишда ишлаб чиқаришнинг барча жабҳаларида талаб юқори бўлган малакали компьютер операторлари, қурилиш архитектура компанияларига график лойиҳалаш дастурчилари, нашриёт ва нусхалаш корхоналарига компьютер графикаси дизайнерлари, йирик корхона ва ташкилотларга Web сайтларни яратувчи дастурчилар, компьютер тизимларини бошқарувчи администраторлар ҳамда ахборот технологияларига техник хизмат кўрсатувчи компьютер техниклари ва тармоқ монтажчилари ўқитилмоқда.

кк3

кк5

Электротехника, электроника ва автоматлаштириш йўналиши 

Ушбу касб бўйича саноат корхоналари, қурилиш объектлари, тураржой бинолари ва иншоотларда электромонтаж ишларини амалга оширувчи электромонтёрлар, электрон маиший техника воситаларини ишлаб чиқарувчи корхона ва сервисларда электрон техникаларга техник хизмат кўрсатувчи усталар ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотлара электр қурилмаларини ўрнатиш, созлаш ва автоматлаштириш бўйича техниклар етказиб берилмоқда.

Аҳамиятлиси шундаки, битирувчиларнинг кўпчилиги ўз ҳудудларида аҳолига маиший хизмат кўрсатувчи шахсий устахоналарни очиб, мустақил фаолият юритмоқда!

кк4

кк7

Машинасозлик ишлаб чиқариш технологияси йўналиши

Мазкур йўналишда металлургия саноати учун токарлар, фрезерловчилар, дастурлаштирилган дастгоҳлар бўйича дастурчи операторлар ўқитилмоқда. Шунингдек, бу йўналишда кўптармоқли пайвандловчилар ҳам тайёрланади. Бугунги кунда корхоналар томонидан марказ битирувчиларига бўлган талаб ортиб бормоқда.

Қолаверса, нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлатлардан ҳам битирувчиларга талабгор корхона ва ташкилотлар сони ортган.

Марказ ўқитувчилари 

Марказда ишлаб чиқаришда меҳнат стажига эга, тажрибали ва юқори малакали 20 нафар ўқитувчи фаолият юритмоқда. Уларнинг 14 нафари Жанубий Кореяда малака ошириб қайтган.

Волонтёрлар фаолияти 

2012 йилдан буён марказда 10 нафар Жанубий Кореялик кўнгилли ўқитувчилар фаолият юритган. Хозирги кунда 2 нафар волонтёр ўз фаолиятини давом эттирмоқда ва марказ ўқитувчилари билан бирга амалий дарсларда ўз тажрибаларини бўлишяпти.

кк1