Тошкент музейига саёҳат

26.02.2021

Меҳнат жамоасида ходимларга муносиб шарт-шароитлар яратиш, юртимизда ички туризмни ривожлантириш ҳамда ватанимиз тарихини чуқур ўрганиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан янги ташкил этилган Тошкент музейига вазирлик тизимининг фаол жамоасининг саёҳати уюштирилди.

Ходимлар “Буюк ипак йўли”нинг гавжум чорраҳасида жойлашган Тошкент асрлар давомида илм-фан, маданият ва маърифат марказларидан бўлиб келганлиги, Ватанимизнинг олтин остонаси бўлмиш пойтахтимиз бугунги кунда янада ривожланиб, гўзал ва обод мегаполислардан бирига айланиб бораётганлиги ҳақида маълумотга эга бўлдилар.

Мазкур Тошкент музейи 2200 йиллик тарихга эга бўлган ҳудуднинг қадим ўтмиши, урф-одат ва анъаналари, илм-фани, маданияти ва санъатини ўзида акс эттириши ва ҳозиргача бу ерда мингга яқин экспонатлар тўпланганлиги билан аҳамиятли эканлигини намоён этади.

Экскурсия давомида иштирокчилар пойтахтнинг қадимий тарихи, бой маданий мероси, илм-фанига доир бетакрор фотосуратлар, қадимий шаҳарнинг макетлари, миллий либослари, ҳунармандчилик асбоблари, шаҳарнинг турли хил кўринишдаги хариталари билан танишдилар.

Тошкент тарихига нисбатан ўзига хос тасаввурга эга бўлган иштирокчилар энди оиласи ва фарзандларини ушбу музейга олиб боришни мақсад қилиб саёҳатни якунладилар