Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Швейцария Конфедерациясининг “Globogate Recruiting GmbH” ташкилоти ўртасида шартнома имзоланди

12.05.2021
 
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Бош вазир маслаҳатчиси М.Хайриддинов ҳамда Швейцария Конфедерациясининг “Globogate Recruiting GmbH” ташкилоти раҳбариятидан иборат делегация аъзолари ўртасида учрашув ўтказилди.
 
Учрашув давомида Германия ва Европанинг бошқа давлатларига Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш, ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
 
Шунингдек, Ўзбекистонда ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси улуши ва географиясини кенгайтириш, ташқи меҳнат бозори истиқболларини ўрганиш орқали фуқароларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш тизимини йўлга қўйиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
 
Музокаралар якунида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Швейцария Конфедерациясининг “Globogate Recruiting GmbH” ташкилоти ўртасида Ўзбекистондан ўрта бўғин тиббиёт мутахассисларини Германия ва Европанинг бошқа давлатларига ишга жалб қилиш бўйича шартнома имзоланди.
 
Маълумот ўрнида, “GLOBОGATE Recruiting GmbH” компанияси 2016 йилда Германиянинг соғлиқни сақлаш муассасаларига учинчи давлатлардан тиббий ходимларни жалб қилиш жараёнини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида Швейцариянинг Цуг шаҳрида ташкил этилган.
 
Компания ўз мутахассисларини GGR тармоғи (маҳаллий агентликлар, тил мактаблари) орқали ҳамшираларни доимий жалб қилиш учун барқарор ва инновацион манбаларни ишлаб чиқади ва тақдим этади. Шунингдек, ишга қабул қилиш жараёнини рақамли бошқарув воситалари билан бирга олиб боради ва назорат қилади. Айни пайтда компания 300 дан ортиқ немис шифохоналарига хизмат кўрсатмоқда.