Қувайт давлатининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Аҳмад Халед Ал-Джиран билан учрашув бўлиб ўтди

01.12.2020

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Қувайт давлатининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Аҳмад Халед Ал-Джиран билан учрашув бўлиб ўтди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов меҳмонни Ўзбекистонда меҳнат бозорини ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, глобал пандемия шароитида аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган мамлакатимиз раҳбариятининг қарорлари билан таништириб, хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тизимини шакллантиришнинг ўзига хослиги хусусида гапириб берди.

Ўз навбатида, Қувайт давлатининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Аҳмад Халед Ал-Джиран бу борадаги Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳолаб, меҳнат ресурслари соҳасидаги ўзаро фойдали ҳамкорлик учун кенг истиқболлар мавжуд эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларини Қувайт давлатида талаб этиладиган ихтисосликлар бўйича ишга жойлаштириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида келгусидаги икки томонлама алоқаларни мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор асосида ривожлантириш зарурлиги хусусида сўз юритилди.

Бундан ташқари томонлар қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан фикр алмашдилар.