Наманганда Россия Федерациясида ишлаш истагида бўлган фуқаролар билан учрашув ўтказилди

04.12.2020

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Наманган вилояти минтақавий филиалида Россия Федерацияси Москва шаҳридаги “ОКН Сервис” МЧЖ вакиллари томонидан юк ташувчи, қадоқловчи, юкларни жойлаштирувчи соҳасида ишлаш истагини билдирган фуқаролар иштирокида танлов бўлиб ўтди.

Талабгорларга иш берувчи томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш тартиблари, ҳужжатларни расмийлаштириш ва ишчиларнинг яшаш шароитлари, шунингдек, соҳага оид бошқа маълумотлар ҳақида тўлиқ тушунтириш берилди. Танловда Агентликнинг Наманган вилояти филиалига мазкур соҳада ишлаш истагини билдириб 300 дан ортиқ фуқаро мурожаат қилган.

Йиғилганларга Агентлик масъул ходимлари томонидан Агентликнинг вазифалари, миграция тартиби ҳамда Президентимизнинг жорий йил 15 сентябрда қабул қилган ПҚ 4829-сонли қарори мазмун моҳияти хақида тушунтиришлар берилди.
      Суҳбатдан муваффақиятли ўтган фуқаролар Россия Федерацияси ҳудудига кириш учун тақиқи бор ёки йўқлиги ҳақидаги маълумотлар олингандан сўнг ишга юборилади.