Москва вилоятининг Балашиха шаҳри ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари муҳожирлар билан юз берган воқеа сабаб ишдан олинди

03.10.2019

Москва вилоятининг Балашиха шаҳри ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари муҳожирлар билан юз берган воқеа сабаб ишдан олинди.

Москва вилояти ИИББ матбуот хизматининг раҳбари Татьяна Петрованинг сўзларига кўра, ўтказилган ички ўрганишлар натижасида жиноят-қидирув бўлимининг икки нафар терговчиси “ички ишлар органи ходимининг шаънига доғ туширадиган ҳуқуқбузарлик” содир этгани учун эгаллаб турган лавозимидан бўшатилган. Шунингдек, улар қонун доирасида жавобгарликка тортилган.

Аввалроқ ОАВда жорий йилнинг 20 сентябрь куни икки нафар ҳуқуқ-тартибот ходими муҳожирлар томонидан ижарага олинган хонадонга бостириб киргани, уларга жисмоний тазйиқ ўтказиб, пул талаб қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Оқибатда муҳожирлар кўп қаватли хонадон деразасидан ўзини ташлаб, шифохонага тушган. Маълумотларга кўра, меҳнат муҳожирлари таъмирлаш ишлари билан шуғулланган.