Меҳнат вазирлиги фуқаро мурожаатини ўрганиб чиқди

24.01.2020

2020 йил 23 январь куни интернет тармоқларида фуқаро Отабек Ҳафизович Исмоиловнинг Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирига очиқ хати тарқалди.

Унда фуқаро О.Исмоилов Меҳнат вазирлигига бир неча бор мурожаат этганини, бироқ у кўтарган масалалар ўз ечимини топмаётгани таъкидланган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади: фуқаро О.Исмоилов 2019 йилнинг 13 апрель куни Корея Республикасида ишлаш ниятида экани, бунда унга кўмак кўрсатишни сўраб Меҳнат вазирлигига мурожаат қилган.

О.Исмоилов билан бўлган учрашувда эркин ёллаш тизими бўйича Корея Республикасига ишга бориш тартиблари батафсил тушунтирилишига қарамай, фуқаро ҳукуматлараро имзоланган меморандумда кўрсатилган тест имтиҳонларсиз, тўловларсиз, имтиёзли равишда Корея Республикасига ёки юқори маошли Европа давлатларига ишга юборилишини талаб қилган.

ismoilov1

2019 йилнинг 25 июнь куни О.Исмоилов Меҳнат вазири қабулида ҳам бўлган. Вазир фуқарога унинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Ҳар бир оила тадбиркор” лойиҳаси доирасида имтиёзли кредит таклиф қилган. Бироқ фуқаро бунга рози бўлмаган.

2019 йилнинг 9 июль куни О.Исмоилов иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири Ф.Раҳимбаев, Наманган вилояти Бандлик бош бошқармаси бошлиғи М.Маматхонов, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Наманган вилояти филиали раҳбари Ж.Атахажаев, “Гулпора” МФЙ раиси У.Устабаевлар фуқаро мурожаатини ўрганиб чиққан ва яна бир бор Кореяда ишга жойлашиш шартлари бўйича унга маълумот берган.

Бундан қониқмаган фуқаро мурожаат йўллашни давом эттирган. Учрашув давомида О.Исмоилов бирор хорижий тилни билмаслигини ва касб-ҳунарга эга эмаслигини билдирган.

2020 йилнинг 3 ва 17 январь кунлари Наманган вилояти Наманган бандлик бош бошқармаси биносида Отабек Исмоилов билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи мехнат миграция агентлиги масъул ходимлари томонидан суҳбат ўтказилган. Фуқаро хорижий тилларини билмаслиги касб-ҳунарга эга эмаслиги сабабли, унга бепул касбга ва тилга ўқитиш ёки Польша давлатидан алоҳида касбий билим талаб этилмайдиган иш таклифи берилган. Бироқ О.Исмоилов уни ҳам рад этди.

ismoilov2

О.Исмоилов унинг иштирокида ўтказилган учрашувларнинг суҳбат баённомаларига имзо қўйишдан бош тортган. Мазкур ҳолатни тасдиқловчи далолатномалар ҳам тузилган.

Шундан сўнг, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 30-моддасига асосан О.Исмоилов томонидан йўлланган такрорий мурожаатнинг кўриб чиқилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган.

 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати