Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда қонунчилик нормаларининг қўлланиш моҳияти

08.04.2021

Амалдаги қонунчилик нормаларини тўғри қўллаш, иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатларни тартибга солишда ҳамда улар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган зиддиятларнинг олдини олиш учун муҳим ҳисобланади.

Хусусан, мазкур мақолада Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда иш берувчи ва ходим томонидан эътибор қаратилиши лозим бўлган энг муҳим ҳолатлар юзасидан сўз юритилади.

   

Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги меҳнат шартномасни иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга асос бўлади.

Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси қуйидаги ҳолатларда бекор қилинишига йўл қўйилмайди.

  • Коронавирус инфекцияси билан зарарланиб, карантинга жойлаштирилган 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси[1] (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар.[2]
  • Ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади.

Ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди (корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно).

Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда, ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилади.

Малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда қуйидагиларга афзаллик берилади:

  • қарамоғида икки ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга;
  • оиласида ундан бўлак мустақил иш ҳақи олувчи бўлмаган шахсларга;
  • мазкур корхонада кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга;
  • ишлаб чиқаришдан  ажралмаган   ҳолда  олий  ва  ўрта   махсус, касб-ҳунар  ўқув юртларида тегишли мутахассислик бўйича малакасини ошираётган ходимларга ва ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларини тамомлаган шахсларга ўқишни тугатгандан сўнг мутахассислиги бўйича ишлаётган тақдирда икки йил мобайнида;
  • мазкур корхонада меҳнатда майиб бўлиб қолган ёки касб касаллигини орттирган шахсларга;
  • уруш ногиронлари, уруш  қатнашчилари ва  уларга тенглаштирилган шахсларга;
  • атом объектларидаги  фалокатлар  оқибатида  келиб чиққан  оширилган радиация нурланиши билан боғлиқ нурланиш касаллиги ва бошқа касалликларга йўлиққан ёки шундай касалликларни бошидан кечирган шахсларга; ногиронлиги атом объектларидаги фалокатлар муносабати билан бошланганлиги аниқланган ногиронларга; ана шундай фалокатлар ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш ишлари қатнашчиларига, шунингдек мазкур зоналардан эвакуация қилинган ёки кўчирилган шахсларга ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга.

Мисол учун: ташкилотнинг битта бўлимида 5 та иш ўрни мавжуд бўлиб, шулардан 2 таси қисқартирилиши керак бўлса, иш берувчи томонидан 5 кишидан иборат коммисия ташкил қилиниб ҳар бир ходимнинг ижтимоий ҳолати ўзининг иштирокида ўрганиб чиқилиши лозим.

       Жамоа шартномасида ходимларни ишда қолдиришда афзаллик бериладиган бошқа ҳолатлар назарда тутилиши мумкин.

Ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан муддатидан олдин пенсия олиш ҳуқуқига ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган эркаклар — 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлганда, аёллар — 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар[3].

Меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида ходим қанча муддат олдин огоҳлантирилиши лозим ва тартиби қанақа?

Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида ходимни қуйидаги муддатда ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт:

  • камида икки ой олдин — меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан огоҳлантирилади.

Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан мазкур огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин.

Мисол учун: Амалиётда кўпчилик ҳолатда огоҳлантириш муддатини пуллик компенсация билан алмаштиришни сўраб ариза икки хил тартибда амалга оширилиш ҳолати учраб туради.

Биринчи ҳолатда, ходим огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштиришни ҳамда ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишни сўраб ариза ёзади. Ушбу ҳолатда огоҳлантириш муддати пуллик компенсация билан алмаштирилади ва ходим билан тузилган меҳнат шартнома Меҳнат кодексининг 99-моддасига асосан бекор қилинади.

Иккинчи ҳолатда ходим огоҳлантириш муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштиришни сўраб ариза иш берувчига мурожаат қилади. Ушбу ҳолатда ходимга Меҳнат кодексининг 67-моддасида белгиланган тўловлар амалга оширилади.

Мисол учун, меҳнат шартномаси 1 мартдан бекор қилиниши ҳақидаги билдирув хати билан ходим 1 январда ёзма тарзда огоҳлантирилди. Лекин, ходим билан иш берувчининг келишуви асосида ушбу огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилди ва ходим билан меҳнат шартномаси 1 январдан бекор қилинди. Ходимга огоҳлантириш муддатига мутаносиб равишда (январь, февраль ойлари учун) пуллик компенсация ва бир ойлик (январь учун) ишдан бўшатиш нафақаси тўланди. Агарда ходим, ишга жойлашмаганлигини меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчасининг кўчирма нусхаси билан тасдиқласа (электрон меҳнат дафтарчасининг кўчирма нусхасида кўрсатилган маълумотлар тўғрилигини текшириш my.mehnat.uz электрон манзили бўйича электрон меҳнат дафтарчасининг ноёб рақамини киритиш ёки мобил телефон ёрдамида QR-кодни сканер қилиш орқали амалга оширилади), Меҳнат кодексининг 67-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган иккинчи ой (февраль) учун ўртача ойлик иш ҳақини март ойида олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қайси ҳолатларда иш берувчи касаба уюшмасининг розилигини олмасдан туриб меҳнат шартномаси бекор қилиши мумкин эмас ?

 

Жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликсиз бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Вакиллик органлари таркибига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган ходимларга интизомий жазо беришга, улар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, шунингдек вакиллик органлари таркибига сайланган ходимлар билан меҳнатга оид муносабатларни уларнинг сайлаб қўйиладиган лавозимдаги ваколати тугаганидан кейин икки йил давомида иш берувчининг ташаббуси билан маҳаллий меҳнат органининг олдиндан розилигини олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя қилишдан ташқари, маҳаллий меҳнат органининг розилиги билан йўл қўйилади.

Меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштириш тартибини биласизми ?

  

Иш берувчининг буйруғида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари таърифига тўла мувофиқ ҳолда ёзилиб, норматив ҳужжатларнинг тегишли моддаси (банди) далил қилиб кўрсатилади.

Ходимнинг ташкилотдаги охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади.

Меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва буйруқ билан расмийлаштирилади. Меҳнат шартномасининг бекор қилинишини рўйхатдан ўтказиш «ЯММТ» ИДАКга иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат шартномасининг бекор қилиниши тўғрисидаги маълумотларни киритиш йўли билан амалга оширилади[4].

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга қанча муддатда меҳнат дафтарчаси берилиши лозим ?

 

Ходим ишга қабул қилиниш вақтида меҳнат дафтарчасини қоғоз вариантида тақдим қилган бўлса, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини  ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.

Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим ишда бўлмаган тақдирда, иш берувчи ўша куниёқ унга почта орқали меҳнат дафтарчасини олиб кетиш тўғрисида огоҳлантирувчи хабарнома жўнатади (бошқа хатлар ҳисоботга олинмайди).

Ходимнинг меҳнат дафтарчасини яшаш жойига почта орқали жўнатиш фақат унинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин[5].

Иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўлаб беради.

Агар ходимни ишга қабул қилиш даврида унга меҳнат дафтарчаси электрон тизим орқали юритилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 декабрдаги “Ягона миллий меҳнат тизими идоралараро дастурий-аппарат комплекси жорий қилинишини ва унинг ишлашини таъминлашга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги 971-сон қарори талаби асосида электрон тизимда бекор қилинади ва бу ҳақда ходим ўзининг шахсий кабинети орқали хабардор бўлиши мумкин.

Фойдаланилмаган йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун тўловлар қандай ҳисобланади ?

 

Агар ходим меҳнат фаолияти давомида йиллик асосий ва қўшимча таътиллардан фойдаланмаган бўлса, меҳнат шартномаси бекор қилинганда унга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида компенсация тўлаб берилади.

Эътибор қаратиш лозимки, фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўловлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган “Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш” тартибига асосан ҳисобланиб тўланади.

Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганида ходимга иш ҳақи қанча муддатда тўлаб берилади ?

 

Меҳнат шартномаси  иш берувчининг ташаббуси  билан бекор қилинганда ходимга тегишли иш ҳақи, унинг миқдори хусусида низо бўлмаса:

  • меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга қадар ишлаётган ходимга – меҳнат шартномаси бекор қилинган куни;
  • меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаётган ходимга – ҳисоб-китоб қилишни талаб этган куни тўланиши керак.

Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан бекор қилинганда унга тегишли иш ҳақи, унинг миқдори хусусида низо бўлмаса:

  • огоҳлантириши шарт бўлган ходимга – ишни ташлаб кетишга ҳақли бўлган кундан кечиктирмасдан;

огоҳлантириши шарт бўлмаган ходимга, – ишдан кетган кунининг эртасидан кечиктирмасдан тўланиши лозим

Алоҳида тоифадаги ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг ўзига хос хусусиятларини биласизми ?

  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ вазирларнинг ва давлат қўмиталари раисларининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

 

 

[1] Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февралдаги ПФ-6165-сонли Фармонига асосан ўзгартириш киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.02.2021 й., 09/21/6165/0104-сон

[2] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сон фармони. 16-банди.

[3] Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги 938-XII-сон Қонуни

[4] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 декабрдаги “Ягона миллий меҳнат тизими идоралараро дастурий-аппарат комплекси жорий қилинишини ва унинг ишлашини таъминлашга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги 971-сон қарори. 7-боби

[5] “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги 402-сон Йўриқнома.3.1 ва 3.3.-бандлари.