Касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва касбга ўқитишни ташкил этиш юзасидан видеоселектор ўтказилди

23.07.2020

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–5953-сон Фармонида ҳамда давлатимиз раҳбарининг республикамизнинг қатор ҳудудларига қилган ташрифларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилган 30 та касб-ҳунар коллежлари базасида ҳар бир вилоятда «Ишга марҳамат» мономарказлари ва касбга тайёрлаш марказларини ташкил этиб, уларда, биринчи навбатда, ишсизлар ва камбағал оилалар аъзоларининг касб-ҳунарга ўқитилиши вазифаси белгиланган.

Мазкур йўналишда олиб борилган ишларнинг замирида аҳоли бандлигини ошириш орқали халқимизнинг турмуш даражасини юксалтиришга эришиш кўзда тутилган. Пировадда, касб-ҳунарга ўқитиш орқали бугунги муаммоларни ҳал этиш ва келажакдаги  тараққиётни таъминланишига эришилади. Шу мақсадда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан республикамизнинг барча худудларида “Ишга марҳамат” мономарказларини ишга туширилиши режалаштирилган.

Жорий йилнинг 22 июль куни Наманган вилоятида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлари бошқарма бошлиқлари иштирок этди.

чортоқ 

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2020 йил 14 июль куни ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган кўрсатмалар ва топшириқлар ижроси ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Ишга марҳамат” Мономаркази намунасидаги мономарказларни вилоятларда бунёд этиш суръатларининг бориши кўриб чиқилди. Мазкур мономарказларни республикамизнинг ҳар бир ҳудуди бўйича қурилиши, таъмирланиши, жиҳозланиши ва бошқа ташкилий масалалари алоҳида таҳлил қилинди.

Бунда, республикамизнинг 9 та вилоят марказларида – вазирлик тасарруфига берилган касб-ҳунар коллежлари негизида ва Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида эса – янги ажратилган ер майдонларида бинолар ва иншоотлар қуриш ҳисобидан ташкил этиладиган мономарказларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини қисқа муддатда ишлаб чиқиш, лойиҳачи ва қурилиш ташкилотларни ўрнатилган тартибда танлаб олиб, қурилиш ва таъмирлаш ишларни қисқа муддатларда бошлаб жорий йилнинг охиригача мономарказларни ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, республика бўйича 136 та маҳалла гузарларида касб-ҳунарга ўқитиш масканларини ташкил этиб, уларда касб-ҳунарга ўқитишнинг тикувчилик, ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик, компьютер саводхонлиги, тадбиркорлик асослари ва бошқа мураккаб асбоб-ускуналар талаб этилмайдиган йўналишлари бўйича қисқа муддатли (уч ойдан ошмаган) ўқув курслари ташкил этилиш масаласи ҳам кўриб чиқилиб, вилоят бошқармалари томонидан амалга ошириш лозим бўлган асосий вазифалар белгиланди.