Ишдан ташқари ишда, дам олиш ва байрам кунларида ходимларни қай тартибда ишлатиш қонуний?

25.02.2021

Ишдан ташқари иш нима ўзи?

Меҳнат қонунчилиги бўйича ходимнинг кундалик иш (смена) муддатидан ортиқча ишлаши - ишдан ташқари иш ҳисобланади. Демак, кундалик иш муддати 8 ёки 7 соатдан ортиқча иш вақтида ишлаш - ишдан ташқари ишдир. Шу билан бирга, қисқартирилган иш вақти тайинланган ходимларга нисбатан кунлик қисқартирилган иш вақтидан ортиқча иш  - ишдан ташқари ишдир.

Юқоридагилардан келиб чиқадики, дам олиш ва байрам кунларида ишлаш ишдан ташқари иш ҳисобланмайди. Ишдан ташқари иш вақтини ҳисоби – иш берувчи томонидан табелда ходимниинг ҳақиқатда ишлаган ишдан ташқари иш соатларини қўйиб, жамлаш орқали юритилади.

Меҳнат қонунчилиги нормалари мазмунидан келиб чиқиб, ходимни ишдан ташқари ишларга жалб қилиш учун иш берувчининг фармойиш шаклидаги ҳужжати (тавсия этилади: буйруқ) чиқарилади ва унда ходимнинг ишдан ташқари ишда ишлаш куни ва соатлари кўрсатилиб, ходимнинг ёзма розилиги билан (тавсия этилади: ўзи томонидан ёзилган ФИШ ва розилигини тасдиқловчи имзоси) тасдиқланади.

Ишдан ташқари ишлашда чекловлар

Ишдан ташқари ишнинг энг кўп муддати ҳар бир ходим учун сурункасига 2 кун давомида 4 соатдан, йилига 120 соатдан ошмаслиги лозим. Меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда ишловчи ходимлар учун эса 1 кунда 2 соатдан ошмаслиги керак.

Ишдан ташқари ишларга қўйидаги шахслар жалб қилинмайди:

  • иш сменасининг муддати 12 соатдан иборат бўлган ходимлар;
  • меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда ишловчи ходимлар;
  • 18 ёшга тўлмаган шахслар;
  • тиббий тавсияда тақиқланган ногирон ходимлар.

Ишдан ташқари ишга мунатосиб ҳақ тўлаш

Меҳнат қонунчилиги бўйича ишдан ташқари ишлар учун камида 2 ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Аниқроғи, ишдан ташқари иш соатларининг ҳар соатини иш ҳақининг соатлик ставкаси бўйича камида 2 га кўпайтирилган ҳолда тўланади. Бухгалтерия ҳисоботида ишдан ташқари иш учун тўловлар алоҳида тўлов тури сифатида акс эттирилади.

Ишдан ташқари ишнинг ҳар бир соати учун ҳақ тўлаш - иш ҳақини ҳисоблашда қўлланиладиган бир соатлик иш ҳақи ставкасидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Бир соатлик иш ҳақи ставкасига қуйидагилар киритиради:

  • ягона тариф сеткаси бўйича ўрнатилган тариф ставкаси,
  • ёки бошқа қонун ҳужжати билан белгиланган лавозим маоши,
  • Президентнинг 1997 йил 3 июлдаги 339-сонли қарори билан белгиланган устамалар.

Ишдан ташқари иш ҳисобига дам олиш куни бериш

Ходимнинг илтимосига биноан ишдан ташқари иш вақти муддатига мутаносиб равишда таътил бериш орқали қопланиши мумкин. Мазкур ҳолатда ишдан ташқари ишнинг ҳар бир соати учун 1 ҳиссадан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади ҳамда ходимнинг дам олиш санаси кўрсатилган иш берувчининг фармойиши тусидаги ҳужжати (тавсия этилади: буйруқ) чиқарилади.

Дам олиш ва байрам кунларида ходимларни ишлатиш

Беш кунлик иш ҳафтасида шанба ва якшанба куни, олти кунлик иш ҳафтасида якшанба куни дам олиш куни ҳисобланади.

Меҳнат қонунчилиги бўйича қўйидаги кунлар байрам (ишланмайдиган) кунлар ҳисобланади:

1 январь — Янги йил;

8 март — Хотин-қизлар куни;

21 март — Наврўз байрами;

9 май — Хотира ва қадрлаш куни;

1 сентябрь — Мустақиллик куни;

1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни;

8 декабрь — Конституция куни;

Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни;

Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни.

Ходимни ишдан ташқари ишлатиш қоидаларидан фарқли равишда, дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб қилишда ходимнинг розилиги талаб қилинмайди.

Иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш ва байрам кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина, жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилади. Мазкур ҳолатда ташкилотнинг локал ҳужжатида дам олиш ва байрам кунларида иш жалб қилиниши мумкин бўлган ҳолатлар ва ходимларнинг тоифаси белгиланган бўлиши лозим.

Ишлаб чиқариш-техника шароитлари ва бошқа шароитларга (узлуксиз ишлайдиган корхоналар, объектларни қўриқлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш кабиларга) кўра ишни тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган жойларда, аҳолига хизмат кўрсатиш зарурати бўлган ишларда, шунингдек кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларида байрам (ишланмайдиган) кунлари ишлашга йўл қўйилади.

Дам олиш ва байрам кунлари ишлашда чекловлар ва ҳақ тўлаш

Дам олиш ва байрам кунларида қўйидаги ходимларнинг розилигисиз ишга жалб қилиш тақиқланади:

- ҳомиладор аёллар ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёллар;

- ногиронларни;

- 18 ёшга тўлмаган шахслар.

Дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунлари ҳақ тўлаш - ишдан ташқари иш бўйича ҳақ тўлаш тартиби билан бир ҳилда амалга оширилади.

Ҳурматли ходимлар! Юқоридаги назарда тутилган ишдан ташқари ишда, дам олиш ва байрам кунларида ишлатиш тартибига риоя қилинмаган ҳолатларга дуч келганингизда Давлат меҳнат инспекциясининг 71-200-06-00 Ишонч телефонига, www.dmi.mehnat.uz сайтига ёки Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ёзма равишда мурожаат қилишингиз сўралади.