Халқаро меҳнат ташкилотининг “Уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида”ги 144-сонли конвенциясининг Ўзбекистонда қўлланиши ҳамда унинг амалий аҳамияти

23.06.2021

 Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 1976 йилнинг 21 июнь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида қабул қилинган “Халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида”ги 144-сонли Конвенцияси Ўзбекистон Республикаси томонидан 2019 йилнинг 4 март куни ратификация қилинди.

Мазкур муддатга қадар “Халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида”ги 144-сонли Конвенцияси дунёнинг 139 та давлати, жумладан Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон каби МДҲ давлатлари томонидан ратификация қилинган эди ҳамда Ўзбекистон ушбу давлатлар ичида 140-давлат бўлиб ушбу конвенциянинг талабларига риоя қилувчи давлат сифатида қўшилди.

Шу асосда, Халқаро меҳнат ташкилотининг 1976 йилги “Халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида”ги 144-сонли Конвенцияси ҳамда “Халқаро меҳнат нормалари қўлланишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувларнинг тартиб-таомили ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти фаолиятига тааллуқли миллий тадбирлар тўғрисида”ги 152-сонли Тавсияси ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 июлдаги “Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссиялар тўғрисида”ги 553-сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан доимий фаолият юритадиган республика ва ҳудудий даражада ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссиясилар ташкил этилиши белгилаб берилди. Дунёнинг АҚШ, Хиндистон, Уругвай, Эстония ва бошқа давлатлари каби Ўзбекистон Республикасида ҳам доимий фаолият юритадиган уч томонлама комиссияларнинг тузилиши ҳукумат, иш берувчилар ва ходимлар вакилларининг доимий равишда ижтимоий, иқтисодий ва меҳнат соҳасида фикр алмашишларига ва томонлар ўртасидаги ижтимоий мулоқот ўрнатилишига сабаб бўлди.

Ушбу конвенциянинг ратификация қилиниши Ўзбекистон Республикасининг меҳнат қонунчилигида кўплаб иплементациялар қилинишини талаб этмасди. Сабаби, бир неча йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг кўплаб конвенциялари, тавсиялари ва меҳнат стандартлари ратификация қилиниб, миллий қонунчилигимизга мувофиқлиги масаласига эътибор қаратилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 34-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Конституциянинг
56-моддасида, Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фаҳрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилиши назарда тутилган.

Шунингдек, Конституциянинг 59-моддасига биноан касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар. Касаба ташкилотларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир.

Шу билан бирга, Меҳнат кодексининг 28-моддасига мувофиқ, иш берувчилар уюшмаларга, ассоциацияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига бирлашишга ҳақлидир. Иш берувчиларнинг жамоат бирлашмалари ихтиёрий жамоат ташкилотлари сифатида тузилади ва иш олиб боради, уларнинг мақсади иқтисодиётни ва тадбиркорлик ташаббусини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида, касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан ўзаро муносабатларда корхоналар ва улар мулкдорларининг манфаатларини ифода этиш йўли билан ижтимоий шерикликни амалга ошириш, хўжалик ва меҳнатга оид муносабатлар соҳасида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунинг 4-моддасига кўра, меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар, шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида таълим олаётган, ўн беш ёшга тўлган шахслар (бундан буён матнда ходимлар деб юритилади) ҳеч қандай тафовутсиз ўз танловига кўра ва олдиндан рухсат олмай туриб, ихтиёрий равишда касаба уюшмаларини тузиш ҳуқуқига, шунингдек касаба уюшмаларига уларнинг уставларига риоя этиш шарти билан аъзо бўлиш ҳуқуқига эгадир.

Шунингдек, мазкур қонуннинг 12-моддасига кўра, давлат касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлайди. Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг фаолиятига аралашишга, шу жумладан уларнинг фаолияти тўғрисида бирор-бир ҳужжат тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг 18 та конвенцияси ҳамда 1 та Баённомаси ратификация қилинган бўлиб, мазкур халқаро нормалар Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигини халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришга кўмаклашмоқда.

Шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат қонунчилигида “Халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида”ги 144-сонли Конвенцияси талабларини инкор этадиган нормалар мавжуд эмас. Шунга қарамасдан, мазкур конвенцияда белгиланган талаблар асосида давлат бошқаруви органлари, иш берувчилар, касаба уюшмалари ва бирлашмалари ўртасида ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга ошириш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича самарали ҳамкорликни амалга ошириш зарур ҳисобланади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиялар ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади ҳамда меҳнат соҳасида доимий фаолият кўрсатувчи ижтимоий шериклик органи ҳисобланади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссияларнинг тузилишидан кўзланган асосий мақсад ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга ошириш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, иш берувчилар ва ходимлар ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни амалга ошириш, жамоа музокараларига кўмаклашиш, Бош ва ҳудудий келишувлар тузиш ҳамда уларнинг ижросини назорат қилиш орқали ижтимоий-меҳнат муносабатларини жамоа шартномалари асосида тартибга солишга кўмаклашиш ҳисобланади.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича учтомонлама комиссияларнинг иш берувчилар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек жамоа шартномалари ва келишувлари талабларига риоя этилиши устидан ўтказилган жамоатчилик назорати давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида иш берувчиларга 47 та кўрсатма киритилиб, 30 млрд. сўмга яқин ойлик иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик бартараф этилди.