COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатларини бартараф этиш учун кичик тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилиш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш

07.07.2020

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш» қўшма лойиҳаси доирасида аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларининг тадбиркорлик ва меҳнат ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида танлов эълон қилади.

 Танлов мақсади COVID-19 пандемияси шароитида аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларининг, хусусан, аёллар ва ёшларнинг иш билан таъминланиши ва уларнинг даромад манбаларини ошириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Танловда Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида кичик тадбиркорлик ёки ўзи ўзини банд қилиш йўналишида меҳнат фаолиятини бошламоқчи ёки кенгайтирмоқчи бўлган жисмоний шахслар, юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолдаги якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий корхоналар иштирок этишлари мумкин.

 Танлов ғолибларига биргаликда молиялаштириш шарти билан ускуна, жиҳоз, мебел, тикув машина, асбоб, техникалар ҳамда маслаҳат, амалий машғулот, семинар, маҳорат дарслари, ўқув қўлланма ва бошқа услубий, техникавий ёрдамлар кўрсатилади.

 Бенефициардан ташаббусларни амалга оширишда моддий қиймат, шахсий меҳнат, кўчмас мулк, кичик ускуналар, транспорт воситалари, хом ашё ва бошқалардан иборат ҳисса қўшиш талаб қилинади.

Танлов натижаларига кўра ҳар вилоятдан саралаш комиссияси томонидан танлаб олинган 5 та лойиҳага 3 мингдан 5 минггача АҚШ доллари қийматига тенг техникавий ёрдам кўрсатилади.

Танловда иштирок этиш истагида бўлганлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг юқорида келтирилган мақсадли вилоятларда жойлашган ҳудудий бошқармалари орқали ариза топширишлари мумкин.

Энг истиқболли тадбиркорлик ёки ўзи ўзини банд қилиш меҳнат ташаббусларини аниқлашда:

1) аёллар ва ёшлар учун кўпроқ иш ўринлари яратилиши;

2) аёллар ёки ёшлар, ҳудудлардаги касб-ҳунар ўқув марказлари битирувчининг ташаббуслари;

3) бошқа минтақаларда тарқалиш ва оммалашиш салоҳиятига эга лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилади.

 

Аризалар 2020 йилнинг 31 июл кунигача қабул қилинади.

Натижалар 2020 йилнинг 22 августида эълон қилинади.

Онлайн аризалар ушбу манзил орқали қабул қилинади: https://forms.gle/ijMeJdaLbk3argGJ8 

Эслатма!

Асосий фаолияти чакана савдо, кўчмас мулкни ижарага бериш ва тугатиш ҳолатида бўлган корхоналардан аризалар кўриб чиқилмайди.

Техникавий ёрдам Россия Федерацияси ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган «Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш» қўшма лойиҳаси маблағлари ва Япония ҳукуматининг молиявий кўмаги ҳисобидан амалга оширилмоқда.

 Қўшимча маълумот учун: +998 93 397-75-99 Беҳзод Умаров – «Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш» қўшма лойиҳасининг Жамоатчилик билан алоқалар мутахассиси