Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жахонгир Алам билан учрашув бўлиб ўтди

02.12.2020

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жахонгир Алам билан учрашув бўлиб ўтди.

Бўлиб ўтган музокаралар давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов меҳмонга Ўзбекистон меҳнат бозорининг барқарор ривожланишини таъминлашга йўналтирилган ислоҳотлар, бу вазифани бажаришга қаратилган мамлакатимиз раҳбариятининг қарорлари хусусида батафсил маълумот бериб, COVID-19 пандемияси шароитида республикамизда ишлаб чиқилган аҳоли бандлиги дастурлари хақида гапириб берди. Шунингдек, вазир хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тизимини шакллантиришнинг турли қирраларига тўхталиб ўтди.

Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жахонгир Алам, Ўзбекистоннинг меҳнат бозорини такомиллаштиришдаги тажрибасига чуқур қизиқиш билдириб, ўз навбатида, меҳнат ресурслари соҳасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик жабҳаларининг янада кенгайишига хизмат қилишини таъкидлади.

Суҳбат чоғида икки давлатда ҳам талаб этиладиган ихтисосликлар бўйича малакали ишчи кучи билан алмашинув имкониятларини яратиш мақсадида келгусидаги икки томонлама алоқаларни мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор асосида ривожлантириш зарурлиги алоҳида эътироф этилди.

Томонлар ўзаро қизиқтирган масалалар бўйича фойдали фикр алмашинувини мунтазам равишда давом эттириш бўйича келишиб олишди.