Аҳоли бандлигини таъминлашнинг замонавий механизмларини жорий қилишда янги лойиҳа ишга туширилмоқда

13.07.2019

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги аҳоли бандлигини таъминлашнинг замонавий механизмларини амалиётга жорий қилишда қатор янги лойиҳаларни ишга туширмоқда.

Шулардан бири, “Сабр” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази билан ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган “Ўзбекистон Республикасининг Андижон, Жиззах, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидаги қишлоқ худудларида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш ҳамда кам таъминланган аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этишда ижтимоий ҳамкорликнинг инновацион механизмлари” лойиҳаси ҳисобланади.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ажратилган ижтимоий буюртма, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда “DVV-INTERNATIONAL” Германия миллий университетлари уюшмаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

13 июль Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ишчи гуруҳ билан ушбу лойиҳа хусусида фикр алмашилди ва лойиҳа тақдимоти ўтказилди. Тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов, “Сабр” РИИРМ директори Мавлуда Ширинова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди вакили Фурқат Рашидов, шунингдек, тегишли давлат органлари масъуллари, ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури, Президентнинг 2019 йил 5 мартдаги “2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида”ги ПҚ-4227-сон Қарори, шунингдек, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” сингари давлат дастурлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш орқали янги иш ўринларини яратиш ва ўз-ўзини банд қилиш назарда тутилган.

Мазкур йўналишда олиб борилаётган чора-тадбирлар шуни кўрсатдики, давлат дастурлари доирасида тадбиркорликни бошлаётган шахсларга маблағларни мақсадли йўналтириш ва келгусида янада кўпроқ даромадга эга бўлиш юзасидан махсус тушунтириш ишларини олиб боришга, талаб юқори бўлган касбларга ўқитишга эҳтиёж сезилмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда “Сабр” РИИРМ ижтимоий ҳамкорлигида амалга ошириладиган янги лойиҳа ҳам айни шу мақсадларга қаратилган бўлиб, бунда турли ижтимоий-демографик ҳолатга эга Андижон, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида Маҳаллий ривожланиш марказлари (МРМ)ни ташкил этиш, у ерда ишсиз фуқароларга касбий малака бериш ва шу орқали чекка ҳудудлардаги аҳоли, айниқса, кам таминланган оилалар, ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлашга замин яратиш мақсад қилинган.

Шунингдек, лойиҳа доирасида:

- меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар йўналиши бўйича лойиҳа доирасидаги ҳар бир вилоят МРМида 6 тадан 8 тагача қисқа муддатли (2-3 ойлик) тайёрлов курсларини ташкил этиш;

- МРМ битирувчиларига сертификат бериш ва уларга ўз тадбиркорлигини бошлаб янги иш жойларини ташкил қилишлари учун имтиёзли микроқарзлар ажратиш;

- кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий муаммоларини бартараф этиш учун МРМ ҳузурида психолог, тиббиёт ходими, юрист сингари мутахассислар маслаҳатини жорий қилиш;

- давлат томонидан амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий  ислоҳотларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида “Фаол инсонлар клуби” ва “Ахборот-ресурс чойхонаси”ни ташкил этиш сингари чора-тадбирлар амалга оширилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида бўлиб ўтган тақдимотда лойиҳадан кутилаётган истиқболли натижалар ва бу борада амалга оширилиши зарур бўлган ишлар ҳақида фикр алмашилди. Лойиҳа доирасида 1600 нафар шахс касбга ўқитилиши таъкидланди. Вазирнинг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов ушбу лойиҳа орқали давлат органи ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасида стратегик аҳамиятга эга ижтимоий ҳамкорлик йўлга қўйилишига алоҳида урғу бериб ўтди.

Лойиҳа дастлаб белгиланган 6 та вилоятда тажриба сифатида амалга оширилгач, тўпланган ижобий тажриба ва инновацион ёндашув асосида республиканинг барча ҳудудларига тадбиқ этилади.

1 (10)