2022 йилдаги пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳамда муносиб меҳнат шароитлари яратилиши борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида

06.10.2022

2022 йилдаги пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳамда муносиб меҳнат шароитлари яратилиши борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида
МАЪЛУМОТ
Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида пахта йиғим-терими қизғин паллага кирди. Пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва бу борада аҳолининг хабардорлигини ошириш, шунингдек, тарғибот тадбирларини ташкил этиш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида Жахон банки билан ҳамкорликда, Ҳар бир меҳнат ихтиёрий, мажбурий меҳнатга йўқ дейиш сизнинг ҳуқуқингиздир” шиори остида 800 дан ортиқ баннерлар ўрнатилиб, 400 мингдан ортиқ флаерлар 50 минг дона буклетлар, 50 мингдан зиёд услубий қўлланмалар тарқатилди.
Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари, телевидения ва радиоканалар орқали 2 374 маротаба чиқишлар ташкил этилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, жорий йилги пахта мавсумидан олдин ҳудудларда иш берувчилар, хусусан, фермерлар ва пахта тўқимачилик кластерлари раҳбарларининг мажбурий меҳнат бўйича билимларини ошириш, мавсумий ишга жалб қилинадиган ишчиларни ёллашда меҳнат қонунчилигига амал қилиш мақсадида Халқаро Меҳнат Ташкилоти экспертлари иштирокида семинарлар ташкиллаштирилди.


Шунингдек, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва бу борада аҳолининг хабардорлигини ошириш мақсадида 7942та тарғибот тадбирлари, шундан, фермер хўжаликлари ва кластерларда 3051 та, таълим муассасаларида 1341 та, соғлиқни сақлаш тизимида 554 та, маҳаллаларда 1880 та ҳамда бошқа ташкилотлар ва аҳоли ўртасида 1116та тушунтириш ишлари олиб борилиб, унда 512 400 нафар фуқаролар иштирок этди.
2022 йилги пахта йиғим-терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш юзасидан қатъий назоратни таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудудда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан алоҳида ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, ҳудудларда ўрганишлар олиб борилмоқда.
Вазирликнинг Давлат меҳнат инспекцияси тажрибали ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудларда бугунги кунга қадар 10735 та мониторинг тадбирлари ўтказилди.


Шу билан бирга, Давлат меҳнат инспекциясига пахта мавсумида мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 64 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан, call марказ орқали - 40 та, ижтимоий тармоқлар орқали - 23 та ҳамда 1 та ёзма мурожаатлар келиб тушган.
Ўтказилган мониторинглар ва мурожаатларни ўрганиш натижасида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 20 нафар мансабдор шахсларга маъмурий жарима тайинланди.


Бунда, 2 та ҳолатда меҳнат шартномаси тузилмаганлиги, 15 та ҳолатда меҳнат шароитлари яратилмаганлиги, 3 та ҳолатда терим пулларининг ўз вақтида тўламаслик фактлари аниқланиб, мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Шунингдек, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 65та ҳолат юзасидан ёзма кўрсатмалар киритилди.
Пахта мавсумида мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва муносиб меҳнат шароитларини яратилиши бўйича нафақат Давлат меҳнат инспекцияси, балки Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жамоатчилик асосида Миллий мониторинг, сенаторлар, депутатлар, журналист ва блогерлардан иборат ишчи гуруҳлар, шунингдек 20 нафар фуқаролик жамияти вакиллари томонидан мониторинглар олиб борилмоқда.
Ҳурматли юртдошлар!


Мажбурий меҳнат ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз Давлат меҳнат инспекциясининг
1176 қисқа рақамига, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 71-200-06-00 Ишонч телефонига ҳамда www.dmi.mehnat.uz сайтига ва “mehnathuquqbot” телеграм мессенджери орқали ўзингизнинг бузилган меҳнат ҳуқуқларингизни тиклаш учун мурожаат қилинг.
Эслатиб ўтамиз, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади.